ЕИ мамлакатлари болалар учун ижтимоий тармоқларга ёш чеклови жорий этишни таклиф қилмоқда

Испания, Греция ва Франция ҳукумати Еврокомиссияни Европа Иттифоқи бўйлаб болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини зудлик билан чеклашга чақирди. Маълум қилинишича, ушбу мамлакатлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун ягона минимал ёш чегарасини белгилаш тарафдори.
Расмийларнинг фикрича, ижтимоий тармоқлардаги контент болалар руҳиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ёш фойдаланувчилар доимий равишда юзаки, солиштирувга асосланган ва тез-тез руҳий босимга сабаб бўладиган материаллар оқимига дуч келмоқда. Бу эса уларнинг руҳий саломатлигига жиддий зарар етказиши мумкин.
Франция ва Греция 15 ёшдан кичик болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш тарафдори. Хабарларда ёшни аниқлаш механизми батафсил очиқланмаган бўлсада, кўплаб Европа давлатларида 15 ёшдан бошлаб ички паспортлар берилиши сабабли, эҳтимолий ечим сифатида шахсни тасдиқловчи ҳужжат орқали рўйхатдан ўтиш жорий этилиши мумкин.
Мазкур ташаббус Европа миқёсида ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ тартибга солиш чораларини кучайтириш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлиши мумкин.