Традицион матбуот АҚШда мавқеини йўқотмоқда

Reuters Institute ҳисоботига кўра, америкаликлар тобора янгиликларни ижтимоий тармоқлар, видеосервислар ва подкастлар орқали олишни афзал кўрмоқда. Телевидение ва матбуот аудиторияси камаймоқда, айниқса ёшлар орасида.
35 ёшгача бўлганларнинг ярмидан кўпи ижтимоий тармоқларни асосий ахборот манбаси деб билади. Трамп инаугурасиясидан сўнг ҳар бешинчи америкалик янгиликни подкаст орқали олган. Жо Роган, Такер Карлсон, Бен Шапиро ва Кендис Оуэнс каби шахслар ахборот майдонида етакчилик қилмоқда.
Бироқ, айнан блогер ва сиёсатчилар дезинформациянинг асосий манбаси сифатида кўрилмоқда. Шунингдек, сунъий интеллект хизматлари ҳам ахборот олиш воситаси сифатида ўсиб бормоқда. 25 ёшгача бўлганларнинг 15% ChatGPT, Gemini ёки Meta AI орқали ҳар ҳафта янгилик олишини тан олган.
Анъанавий ОАВ аудиторияси қаримоқда, ижтимоий платформалар эса асосий ахборот майдонига айланмоқда.