Трамп маъмуриятида ички зиддиятлар кучаймоқда: АҚШ миллий разведка раҳбари президент ишончини йўқотди

CNN телеканали хабарига кўра, АҚШ миллий разведка бошлиғи Тулси Габбард Ирон масаласида Оқ уйнинг умумий сиёсатидан оғишга йўл қўйгани учун президент Дональд Трампнинг ишончини йўқотган.
Маълумотларга қараганда, Габбарднинг “Ирон ядровий қурол яратишга яқин эмас” деган баёноти президентни қаттиқ ғазаблантирган. Трамп Air Force One бортида журналистлар билан суҳбатда бу гапларга нисбатан кескин муносабат билдириб, “Габбард нима дегани менга қизиқ эмас”, — деб айтган.
Ишончдан қолиш сабаблари:
Июн ойи бошида Габбард “дунё ядровий апокалипсисга яқинлашди” деб баёнот берган, бу эса президентда янада кўпроқ норозилик уйғотган;
Бир ой аввал Трамп Габбардни “севади ва унинг суҳбати билан завқ олади” деб таърифлаган бўлса, ҳозирда уни “Яқин Шарқ муаммоларида мутлақо ноқобил” деб баҳоламоқда.
Ҳозирча уни лавозимдан озод қилиш режалаштирилмаган, аммо сиёсий таҳлилчилар фикрича, маъмурият ичидаги бу зиддиятлар ташқи сиёсатга ҳам таъсир қилиши мумкин.