Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (5-қисм)

Худди шу пайт алкашнинг хурраги эшитила бошлади. Ислом билан Василий бараварига у ётган томонга қаради. «Қойил, — деб ўйлади Ислом, — одамзоддан баъзиларининг чўчқадан фарқи бўлмаскан. Яқинда уйғонган эди, яна ухлади».
Кейин у дошқурларга қарши нимадир қилиш керак деган хаёлга борди. Лекин тезда бирор жўяли фикр келавермади. Қандай қилиш керак? Нима қилиш керак?
— Кеч тушиши билан улар кайф-сафони бошлаб юборишади, — деди Василий.
— Кимлар? — деб сўради Ислом у томонга бошини буриб.
— Аскарлар. Ҳамиша шундай бўлган.
— Кейин-чи.
— Соат ўн иккиларга бориб ҳаммаси тарашадай қотишади.
— Нега бу гапларни менга айтаяпсан?
— Айтмоқчиманки, ўшанда уларнинг спиртларини секингина ўмариш мумкин. Қип-қизил. Кавказда қилинади. Балки ҳаммаси ўзининг уйида тайёрланганини ўзлари билан олиб кетишаётгандир. Агар бориб бир-икки шишасини тинчитиб келсам, анавининг унини ўчирардим. Агар шундай қилмасам, у, барибир, мени сотиб қўяди.
— Бунча қўрқасан? Шу битта алкаш жонингни олиб қўйдими?
— Эй, сен билмайсан. Мен қанчадан-қанча кўксига урганларни кўрдим. Ҳаммасининг бошларига итнинг кунини солишди. Барининг орқасида мана шунақанги исқиртларнинг сотишлари турарди.
— Иш тутма, мен сенга ёрдам бераман. Аммо ҳозирча ухлаганинг маъқул.
— Отларнинг емишини бериб келайлик. Ундан сўнг…
Ислом кўнглига келган ўйдан ўзи ҳам қўрқиб кетди. Аммо начора, шундан ўзга йўл кўринмаяпти.
Қоронғи тушди. Дошқурлар айшу ишратни бошлаб юборишди. Буни Ислом ўтирган жойида билди. Чунки улар худди Василий айтгандай бақир-чақир қилишарди.
— Юр, эртароқ кечки овқатга бориб келайлик, йўқса, кейин аскарларнинг орасидан ўтиб бўлмайди, — деди Василий.
— Яхши, — деб кулди Ислом.
Илло, у шу кетишда дошқурларни йўқ қилиш режасини мукаммалаштириб олади. Ким қаерда ётибди, қуролини қаерга қўйган, деразага қанчалик яқин ва ҳоказо…
Қимор авжига чиқибди. Ким ўзи билан нимани олиб кетаётган бўлса, шуни қиморга тиккан… Аммо шу ҳолатда ҳам уларга эътибор беришди. Исқиртлар дейишди. «Ўзларингга бошқа йўл топинглар, сенларни кўрсак, кўнглимиз айнияпти, дейишди. Ўтаётганлар тишларини тишларига босишди. Ўтиб кетишди. Уларга қайнатилган картошка билан бир бўлакдан нон беришди. Ўтириб ейишди. Кейин Василий пиёнистанинг ҳам ҳақини олгач, изларига қайтишди. Яна ҳақоратлар, камситишлар…
Ислом тишини тишига босиб, ярим тун бўлишини кута бошлади. Аскарлар томондан овоз келмай қолганидан сўнг ҳам бироз кутди. Сўнг қўйнида ўзи билан олиб юрадиган ханжарни текшириб кўрди-да, секин ўрнидан турди…
Аммо у ярим йўлдан қайтди. Боиси, поезд ҳали Россия ҳудудидан чиқиб кетмагани хаёлига келди. Демак, ҳали кутиш керак. Ҳали вақт бор. Поезд шундай бир жойга етганида ҳаракат қилиш керакки, ҳеч қаердан ҳеч қанақа ёрдам келмасин. Ҳали эрта, ҳали эрта…
У келиб жойига чўзилиб ётди.
— Уйқусирадингми? — деб сўради ундан Василий.
— Шунга ўхшаш. Аммо энди қотиб ухласам керак.
Бир муддатдан сўнг у ухлаб қолди.
Ислом ҳаммадан олдин уйғонди. Ҳали тонг ҳам отмаганди. Поезд бир маромда олдинга илдамларди. У шоша-пиша ўрнидан турди. Бориб таҳорат олиб келди, кейин намоз ўқий бошлади. Олдин қазо намозларини ўқиди, сўнг бомдодни. Ана шундан кейингина тонг секин-секин оқара бошлади…
Анчадан бери у тонг отишини кузатмаганди. Чунки вақти бўлмаган, ундан кейин шаҳарда тонг отишини кузатишнинг иложи ҳам йўқ. Ҳаммаёқ баланд бинолар… Аммо шаҳарнинг, айниқса, Англия шаҳарларининг йўллари зўр. Тош ётқизилган. Қишлоқларининг йўлларини ҳам боплаб қўйишган. Исломнинг қишлоғи ундай эмас. Унинг қишлоғи бутунлай бошқача. Кўчалари шунчаки ер. Уйлари лой сувоқ, томлариям лой сувоқ. Уйларнинг томлари бир-бири билан туташиб кетган. Қишлоқнинг нариги бошидан томга чиқсанг, бу бошидан тушасан. Баҳорда зўр бўлади. Ҳаммаёқни, томларниям қизғалдоқлар қоплайди. Тасаввур қилаяпсанми, ҳаммаёқ қип-қизил. Маза қиласан. Кейин унинг қишлоғида боғлар кўп. Узум, анор, олма, ўрик… Тераклари зўр. Фақат қишлоқ ҳудуди тугаши билан чангалзорлар бошланади. Баъзи ўзлаштирилган ерларни ҳисобга олмасанг, ҳаммаёқ чангалзор. Европада бошқача. У ерда катта-катта ҳудудларни ўрмон эгаллаган. Лекин, барибир, Исломга қишлоғи, одамлари бошқача кўринади: содда, беғубор.
«Яна бир-икки кун сабр қилишим керак. Оғир, лекин чидашга мажбурман…»
Аммо тақдир унга икки кун кутишни буюрмаган экан. Эртаси куни айни кечки овқат маҳали бақир-чақир авжига чиқиб қолди. Бу пайтда у Василий билан бирга айни аскарлар вагонидан ўтаётган эди. Дошқурлардан иккитаси шунчалик қутурган эдики, бир-бирининг ёқасидан олиб, оғизларидан тупукларини сачратганча бақиришарди. Ҳар иккисининг орқасида уч-тўрттадан аскар турибди. Ўзларининг тилида улар ҳам нималардир деб бақиришаяпти. Ўткинчилар эътибор бермасликка ҳаракат қилишди. Аммо уларнинг эътиборсизликлари фойда бермади.
— Мана сенга! — деди дошқурлардан бири. — Мана Арам! Сен бу ёққа қара! Буларда пул бор!..
У рус тилида гапиргани учун нима деганини Ислом ҳам, Василий ҳам тушунди. Аммо ўзларини тушунмаганликка олишди. Бироқ уларнинг олдини тўсиб чиқишди.
— Сенлар! — деди башараси бузуқ дошқур кўзларини олайтириб, узун қоп-қора соқолини силаркан. — Қимор ўйнайсанлар!..
— Лекин мен ўйнашни билмайман, — деди бирдан Василий қалтираб.
— Бизга айни билмаслигинг муҳим. Анави иккаласини кўраяпсанми? — деб ёқалашаётганларни кўрсатди у. — Биттаси иккинчисини ютган. Уйидан олиб келаётган сеҳрли ичимлигини ютган! Агар сенлар уларга ютқазиб бермасанглар, аҳвол чатоқ бўлади. Лекин аниқ биламанки, ютқазиб берасанлар. Чунки неча кундан бери бизнинг вагонимиздан ўтаяпсанлар. Ҳақини бўлса тўламадинглар. Тўлайсан. Агар ўйнасанг, тўламайсан.
— Шартми ўйнашим? Пулини бераман-у кетаман, — деди Василий қутулиш учун.
— Йўқ. Унда қизиқ бўлмайди. Бошқа томондан олиб қараганда, сиёсатга ҳам тўғри келмайди. Ахир биз қизил аскарлармиз!..
Унинг гапларини тушунган қардошлари хохолаб кулишди. Тушунмаганлари эса кулганларга қараб кулишди.
— Майли, — деди Василийнинг ўрнига Ислом, — ҳақиқий ўйнаймиз. Ғирромлик йўқ. Келишдикми?
— Пулинг борми?
— Бор.
Дошқурлар вакили кафтларини бир-бирига уриб ишқалади. Сўнг ўзининг қардошларидан нималарнидир сўради. Шу заҳоти бақир-чақир бошланди. «Бундан чиқди, буларни биттада йўқ қилиб юборса бўларкан», — деб ўйлади Ислом.
Бир муддат талашишлардан сўнг, ниҳоят, уларнинг орасидан битта дошқур танлаб олинди. Бўйи паст, бурни кўрсаткич бармоқнинг бир бўғинича келадиган, бурнининг тешикларидан ҳам жун ўсиб чиққан, қошлари қалин, сочлари жингалак дошқур.
— Битта гапни мен сенларга айтиб қўяй! — деди Ислом баланд овозда. — Мен бир ўзим ўйнайман. Менинг рақибим ҳам бир ўзи ўйнайди. Фақат у бошқалардан пул олиб туриши мумкин!
— Сен ўзингга шунчалик ишонаяпсанми?! — дея иржайди унга рақиблик қиладиган дошқур.
— Мен тишим чиққанидан бери қимор ўйнайман. Деҳқонман, чорвадорман ва айни пайтда қиморбозман. Шундай экан, огоҳлантириб қўяман.
Дошқурлар ўзларининг тилларида бақир-чақир қилишди. Ислом эътибор ҳам бермади. Кейин бошини қашлаб, ўйин жойи деб вагоннинг бурчагини танлади ва ўзи ўша бурчакка ўтиб олди. Буниям у ўзининг ёлғиз эканлиги билан изоҳлади.
Одатдагидай, айтмоқчимизки, қиморбозларнинг анъанасига биноан, у икки сафар ютқазди. Ана шу ютқазганида ҳамма қарталарни таниб олди ва ўзига кераклиларига белги ҳам қўйишга улгурди. Буни қандай бажаришни эса Англияда унга яхшилаб ўргатишган эди… Дошқурларнинг ҳаммаси унинг устидан кулишди. Василий эса ўзини қўярга жой тополмасди. Ахир бу туришда Марат — Ислом бор-будидан айрилади… Дошқурлар одам шаклидаги иблислар. Улар шафқат, меҳр-оқибат, одамгарчилик деган нарсаларни мутлақо билишмайди. Айниқса, анави ўзининг тилидан бошқасини ўзлаштиришга калласи етмайдиганлари.
Кутилмаганда Ислом ютди. У қартани ҳатто қўлига ҳам олмади. Пул тикди. Ахир унинг пули бор. Англиядан кўп пул олиб келган. Ундан кейин Олег ёрдамида алмаштириб олган.
— Майли, — деди бурни оқа бошлаган рақиб, — бу сафар сенинг омадинг келиб қолди. Лекин пулинг кўпга ўхшайди. Ана шу пулинг мени кўпроқ қизиқтириб қўйди. Ана энди сени навбатинг, — дея қарталарни тарқатди.
Энди бу ёғига Ислом шунчалик уста эдики, ўндан ортиқ дошқурнинг кўзини биттада шамғалат қилиб, қарталарни териб ташлади. Уч туз унда, ўттиз бир рақибида.
Аввалига дошқурнинг кўзлари олайди. Ахир ўттиз бир деганлари ҳамиша ҳам келавермайди…
У анча пулидан айрилиб қолди. Кейин Исломнинг қўлидагиларни кўриб, кўзлари шокосадай бўлди…
— Суз! — дея бақирди бирдан.
Ислом дарров унинг айтганини бажарди. Бу сафар унда бор-йўғи йигирма бир эди. Аммо рўпарасидаги нусхада шу ҳам йўқ эди. Буни биларди. Билгани учун ҳам қартани кўтармасдан, пул тикди.
Дошқур яна ютқазди. Энди унинг пули қолмаган эди. Атрофига аланглади.
— Беринглар, — деди унинг ўрнига Ислом, — беринглар. У ютганидан кейин қайтаради.
Аммо дошқур ютмади. Ютқазди. Шунинг ўзидаёқ асли қўшни қишлоғидан бўлган дошқур билан сен-менга бориб қолди. Айни шу нарса Исломга керак эди.
— Бас қиласанми ёки яна бошқалардан қарз оласанми?! — деди у.
— Сен мени алдадинг! — дея пишқирди дошқур.
— Нега алдарканман? Ана, ҳамма кўриб турибди. Мен сени эркак дегандим. Чунки бу ўйинни эркаклар ўйнайди. Орқанг чидамаётган экан, нима қиласан ўйнаб? Сенинг ўрнингда бошқа биров ўйнаганида, балки, ютган бўларди! — деди Ислом.
Қарз берган дошқур шу заҳоти Исломнинг рақибининг ёқасидан олди. Ўзининг тилида нималардир деб бақирди. Исломнинг рақиби унинг қўлини силтаб ташламоқчи бўлди, бироқ кучи етмади. Аммо мушт туширишга ақли етди.
У мушт тушириши билан қарз бериб фойда олишни умид қилиб турган дошқурнинг бурнидан қон оқди. У алам билан бурнини артди-да, бирдан жавоб қайтарди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.