Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (6-қисм)

У ёғи эса ўз-ўзидан содир бўлди. Бу дошқурлар бир нечта қишлоқлардан йиғилган экан. Фақат рус тилига унча-мунча тишлари ўтадиганлари шаҳарликлар экан. Хуллас, у томондан бир неча киши, бу томондан бир неча киши бир-бирини муштлашга тушиб кетди. Орада улар бошқа қишлоқ вакилларини ҳам уриб юборишди. Қарабсизки, бутун вагон ўзаро душман. Шунақа солишаяпти, у ёқ-бу ёғи йўқ.

Ислом билан Василий томоша қилаяпти. Ахир улар ҳали овқатланишмади. Бунинг учун эса бир-бирининг гўштларини еяётганларнинг орасидан ўтишлари керак. Бу эса имконсиз нарса.

— Бекор қилдинг, — деди Василий.

— Қўявер, кўзлари очилади. Агар очилса, — деб кулиб қўйди Ислом.

Қотиллик юз берди. Бошқача бўлиши мумкин эмасди. Ахир дошқурлар ёввойи ҳайвондай бир гап. Кўзларига ўзларининг манфаатларидан бошқа ҳеч нарса кўринмайди. Манфаатига халақит берувчилар эса ўлдирилади. Худди ҳозиргидай.

Бир эмас, учтаси ўлди. Ханжар тиқиб олишди. Тўполонда ким душманнинг кўксига ханжар урганини билиб бўлмасди.

Орадан бир муддат ўтиб, ўқ овози эшитилди. Ислом яна кимдир кимнидир ўлдириб қўйди, деб ўйлаган эди. Лекин ундай эмас экан. Қўшни вагондан келган «қизиллар»нинг бошлиғи ўзининг наганидан шифтга қарата ўқ узган экан.

Жанжал шу заҳоти тўхтади. Кейин бошқача бақир-чақир бошланди. Нариги вагонлардан аскарлар келишди. Жанжалкашлар турғазиб қўйилди. Сўнг икки киши-икки кишидан судга чақира бошланди. Албатта, суд ҳам нариги вагонда бўлиб ўтди.

Айбдорларга ҳукм ўқилди. Ўша ханжар ишлатганлар, қотиллик қилганлар топилди. Ҳарбий дала суди уларни ўлимга ҳукм қилди. Ҳукмни ижро этиш учун поезд тўхтатилди. Жиноятчилар пастга олиб тушилди.

Ислом ташқарига қаради. Ўрмон экан. Аммо қотиллар ўрмон ичкарисига олиб кирилмади. Поезд йўлидан уч қадамча нарига олиб борилди ва ҳамманинг кўз ўнгида отиб ташланди. Улар шу ернинг ўзига кўмилди. Пичоқланган мурдалар билан бирга. Битта қабрга.

Кейин «дарс» ўтилди. Қолган аскарларнинг «қизил»лар эканлиги тушунтирилди. Сўнг ҳамма яна поезд вагонларига чиқарилди.

Буни қарангки, суд асли жанжални Ислом уюштирганига эътибор бермаган экан. Кейинроқ уларнинг каллалари ишлаб қолибди. Тўртта аскар ва битта офицер отхона-вагонга келди. Аскарлар Исломнинг қўлларини орқасига қайириб, «каттаконлар»ининг олдига олиб боришди. Уларнинг макони ошхона вагонидан кейингиси экан. Тўртта офицер ўтирибди. Тўрталасининг ҳам қовоғидан қор ёғаяпти.

— Шу итваччами?! — деди дошқурларга тегишли бўлган вакил Исломни кўриши билан ўрнидан туриб.

— Арсен, — деди сариқ киши. Ислом бир қарашдаёқ унинг ўрис офицер эканлигини билди. Кўнгли бир оз хотиржам тортди. — Ўзингни бос.

— Қандай қилиб? Шу битта отбоқарни деб, бир йўла олтита қизил аскар ўлиб кетди. Буни суд қилмасдан чавақлаб ташлаш керак! — дея жони борича бақирди Арсен.

У соқолини қиртишлаб олган, аммо мўйловини узун қўйган, бурни ҳам бошқа дошқурларники каби танқайган эди.

— Ўлдиришга улгурасан. Аввал масаланинг моҳиятига етайлик, — дея қовоғини уйиб Арсенга ўқрайиб қаради ўрис офицер.

— Иван Николаевич, бунинг жиноятчи эканлигини кўзи айтиб турибди!..

— Арсен, сен инқилоб вакилисан. Шуни унутма. Биз йўқсиллар тарафидамиз!

Иван Николаевичнинг шу сўзларидан сўнг Арсеннинг овози ўчди. Аммо у ғижинганча Исломга тикилди.

— Хўш, — дея Исломга юзланди Иван Николаевич, — кимсан?

— Отбоқар.

— Исминг, фамилиянг…

— Марат Ганулин.

— Қаерликсан?

— Қозондан.

— Инқилобгача нима иш қилгансан?

— Деҳқонман. Ер эгаларининг қўлларида ишлаганман.

— Яхши. Энди айт-чи, нега қимор ўйнадинг?

— Мажбурлашди.

— Ким?

— Қизил аскарлар.

— Бу ёғи ғалати-ку. Қандай мажбурлашди?

— Биз Василий билан бирга кечки овқатга кетаётган эдик. Йўлимизни тўсишди. Қимор ўйнайсан, дейишди…

— Қимор ўйинини қаердан биласан?

— Билмайман. Менинг қўлимга уч дона қарта беришди. Негадир мен ютавердим. Кейин улар бир-бирларидан қарз олишди. Сўнг уришиб кетишди.

— Ким гапларингни исботлайди?

— Отбоқар Василий.

— Шунақами? — деб бошидаги кепкасини стол устига қўйди Иван Николаевич, сўнг кирланган бошини қашлади-да, безрайиб турган аскарларга: — Бориб Василийни олиб келинглар, — деди.

Улар вагондан чиқиб кетишди. Иван Николаевич эса Исломни сўроқ қилишда давом этди.

— Рус тилини қаердан биласан? Агар ўзингни кўрмаганимда, сени рус деб ўйлаган бўлардим.

— Ахир мен русдай бир гапман. Тилим русча чиққан. Бундан бошқа тилни билмайман.

— Буниси яхши. Нега энди аскарликка ёзилмадинг? Нима, сен инқилобга қаршимисан?

— Гапларингиз ғалати бўлди, ўртоқ бошлиқ. Агар ҳамма аскар бўлаверса, отларни ким боқади? Мана, биз отларни боқиб, омон-эсон Туркистонга олиб бориб берамиз. У ёқда сиз ўша отларни миниб босмачиларга қарши уришасиз.

— Ҳимм. Калланг ишлайдиган бола экансан. Аммо, барибир, қимор ўйнаганинг учун жазоланасан.

— Ўзим пешонангдан отаман! — дея гапга аралашди Арсен.

— Арсен, сени огоҳлантирдим. Ҳиссиётларга берилма. Юртдошларинг отилган бўлса, демак, улар бюрократик йўлдан юришган. Ва улар бизнинг, инқилобнинг, ўртоқ Лениннинг душманлари. Қизил аскарларни ўлдирганларини эса ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Уларга адолатли жазо берилди. Нуқта.

Аммо, барибир, Арсен ўзини босиб туролмади. Ахир унинг юртдошларидан олтитаси ҳали урушга бормай туриб асфаласофилинга жўнади. Бундан ташқари, ўша қаҳвахонада Ислом ғазаб устида ўлдирган тўртта дошқур ҳақида ҳам эшитган эди. Демак, уларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, расмий партия деб аталса-да, аслида, террор ташкилоти бўлган дошқурлардан ўнтаси бир неча кун ичида жаҳаннамга равона бўлди. Шунинг учун ҳам у жиғибийрон бўлаётганди. Кимдандир аламини олгиси келаётганди. Агар Иван Николаевич бўлмаганида эди, ҳозирнинг ўзида Исломни чавақлаган бўларди.

Василийни олиб келишди. Қўрққанидан бечоранинг ранги оқарибди. Йиғламоқдан бери бўлиб турибди.

У Ислом айтган ҳамма гапларни тасдиқлади.

— Бахтинг бор экан, отбоқар, агар Василий бўлмаганида, сени ҳам поездни тўхтатмасдан отиб ташлаган бўлардик. Бироқ, барибир, маълум муддатга қамаласан. Албатта, якуний тўхтамга келгунимча, — деди Иван Николаевич. Сўнг аскарларга буюрди: «Омборга қамаб қўйинглар!»

Омбор — алоҳида вагон. Туркистондан ундирилган ўлжаларнинг ҳаммаси ўша вагонга юкланади. Кейин Москвага олиб кетилади. Ҳозир эса вагон бўм-бўш.

Исломнинг устидан қулфлаб қўйишди. Яна битта қўриқчи ҳам қўйишди. Қўриқчи Арсен учун эди. У исталган пайтда келиши ва Исломнинг жонига тажовуз қилиши мумкин эди…

— Овқат беришни эсларингдан чиқарманглар, бўлмаса, устиларингдан шикоят қиламан, — деди Ислом унинг ортидан вагон эшигини қулфлашаётганларида.

Унинг гапини биров эшитмади, бироқ овқат келтириб беришди.

У қорнини тўйғазганидан кейин оёқларини узатиб осмонга қараганча узала тушиб ётиб олди. Бир муддат ухлади. Кейин вагон деразасига қараб қўйди. У кичкина эди, бироқ одам сиғарди. Буни қарангки, очиқ экан. Аслида, қамоққа мўлжалланмаганлиги боис ичкаридан қулфланарди. Аммо қулфлашмабди.

Эртаси куни у зерикди. Шунда отаси Нурмуҳаммад қорининг: «Намоз ўқишнинг имконини қилолмасанг, зикр қил», деб тайинлаганини эслади.

Зикр унинг зерикишини йўқотди. Охири зикрга шунчалик берилиб кетдики, вақт ўтганини сезмай ҳам қолди.

Деразадан кўрди: кеч тушибди. Кейин унга кечки овқатни ҳам беришди.

Вақт алламаҳал эди. Ҳамма вагонлардаги аскарлар қотиб ухлаётган эди. Ҳатто уни қўриқлаётган аскар ҳам. Шунда Ислом секин дераза ёнига борди. Рамканинг четидан ушлаб кўтарилди-да, ташқарига бошини чиқарди. Сочлари шамолда тўзғиди… Пастга, тепага қаради. Қўлини том томонга чўзди. Ҳеч нарса илинмади. Бундан чиқди, сип-силлиқ, ниманидир ушлаб тепага, вагон томига чиқиб бўлмайди. У жойига қайтиб, бир муддат айланиб юрди. Унинг учун бундай томга чиқиш иш эмас. Аммо у бошқа нарсанинг режасини тузди. Яъни қиладиган ишларини… Сўнг бир тўхтамга келиб, қайтадан деразага осилди ва дарров томга чиқди. Вагоннинг томи тахтадан. Демакки, унинг устида юрсанг, оёқ товушинг пастга эшитилади. Бу вагонда ундан бошқа ҳеч ким йўқ, шу боис бемалол юрди. Аммо навбат кейинги вагонга келганида, секин вагонлар оралиғига тушди ва орқадаги вагон эшигини авайлаб очди… Сасиган ҳид ва хурраклар овози… Ҳамма ухлаяпти. Ухлагандаям, бутунлай ўзларини унутиб, ичларида йиғилиб қолган ҳаволарни чиқариб ухлашаяпти. Ислом кулиб қўйди. У ҳар эҳтимолга қарши, биттасининг кепкасини бошига бостириб кийиб олди. Яна бирининг эса камзулини елкасига илди. Албатта, биров таниб қолмаслиги учун. Ўзи қоронғида биров бировни танимайди. Аммо, барибир, эҳтиёт бўлиш керак-да. У оёқ учида юриб, бирма-бир вагонларни ортда қолдириб, ўша — ишкал бўлган вагонга кирди. У ерда ҳам худди бошқа вагонлардаги аҳвол эди.

Ислом қимор пайти кимнинг қаерда ётишига ҳам эътибор берганди. Бундан ташқари, дошқурлар бир-бирлари билан муштлашаётганларида улар қайси ётоқнинг эгаси эканлигини билиб олганди. Шунингдек, «қизил аскарлар»ни ҳам ҳисоблаб чиққанди. Бундан ташқари, бақуввати қайси-ю, нимжони қайсилигини ҳам белгилаб қўйганди. Булардан ташқари, жангариларига ҳам эътибор қаратганди.

У дошқурлар милтиғининг учидаги санчқи-пичоқни олди ва оёқ учида юрганча, обдан хуррак отаётганлардан учтасини мангу уйқуга жўнатди. Шундан сўнг ҳар учаласининг ҳам кўксидан, тўғридан-тўғри юрагидан қон сизиб чиқди…

«Менинг юртимнинг қариялари, хотин-қизлари, гўдаклари учун олинган хун», дея кўнглидан ўтказди у, сўнг «жангарилар»нинг қўлларига ўша санчқи-пичоқни тутқазиб қўйди… Учтасининг қўлига берди. Ўша учтасининг қўли қонга ҳам бўялди. Ана ундан сўнг Ислом оёқ учида юриб, вагондан ташқарига чиқиб кетди.

Ўша эски йўл билан юрди. Томга чиқди ва ўзининг вагонига омон-эсон кириб олди. Бурчакка бориб, устидаги фуфайкасини ечди. Узала тушиб ётди. Фуфайкани ёпиниб, кўзларини юмди. Барибир, бировнинг жонини олиш одамга азоб беради, аммо ҳозир у шу ишларни қилмаса, булар Туркистонга етиб олганларидан сўнг қанчадан-қанча бегуноҳ одамларнинг қонини тўкишади. Қанчадан-қанча хонадонларга ўт қўйишади. Кейин улар зўрлаб кетганларидан сўнг туғиладиган чақалоқлар буларнинг кайфиятидаги одамлар бўладими?! Ҳаммасидан ҳам мана шу сўнггиси Исломдан ўтиб кетди. Ғазаби жўшди. Яна ўрнидан туриб, ўша вагондагиларнинг ҳаммасини бўғизлаб келиш истаги пайдо бўлди. Кейин ўйлади: «Кеч бўлди. Яхшиси, булар ҳозирча бир-бирларининг гўштларини еб туришсин, ана ундан кейин бошқа амалларни қўллайман…»

Тонг отганидан кейин содир бўлган шовқин-сурондан Исломнинг хабари йўқ эди. Аммо шундай бўлишини тахмин қилганди.

Даҳшатли кечди.

Энг аввал қилт этмай ётган мурданинг ёнидаги дошқур уйғонди. Қўшнисига тикилди. Олдин ҳеч нарсани сезмади. Кейин ҳожатга бормоқчи бўлиб бошини кўтарган эди, қонга кўзи тушди. Ҳайрон бўлди. Ён-атрофга қаради. Сўнг бақириб юборди. Унинг овозидан дошқурлар бирин-кетин уйғонди. Кейин яна учта жойда бақириқ эшитилди. Ана ундан кейин қўлларида санчқи-пичоқ билан ётганларни кўриб қолишди ва шу заҳоти жанжал бошланиб кетди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: