Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (9-қисм)

Ислом унинг қарашларидан мақсадини деярли аниқлаштирди. Ичида кулди. «Ҳали мени чув туширмоқчимисан? Чучварани хом санабсан», дея кўнглидан ўтказди. Сўнг қўлига қанча стакан ичкилик беришса, бир томчи қолдирмасдан ҳаммасини ичиб юбораверди. Шошди, кўпроқ ичишга ҳаракат қилди. Кейин бирдан унинг кўнгли айний бошлади. Аслида, ўзи қайт қилиб ташламоқчи бўлганди, аммо табиий жараён бошланиб қолди. У шунақанги қаттиқ ўқчидики, вагон деразасидан (бу вагонда дераза пастда эди, тик турган ҳолингда бемалол ундан бошингни чиқаришинг мумкин эди) зўрға бошини чиқарди ва қайт қила бошлади. Ичидаги бори чиқиб кетди. Чиқмаганини ўзи мажбурлаб чиқарди.

Иван Николаевич унга раҳм қилди. Аскарлардан бирига унга сув қуйиб туришни айтди. Ислом вагонлар орасидаги тамбурда юз-қўлини ювиб қайтди.

— Нима бўлди? — дея сўради ундан Иван Николаевич.

— Агар бошқа биров шундай деб сўраганида, обдан сўккан бўлардим. Мен содда бўлишим мумкин, кучсиз ҳам бўлишим мумкин, аммо бошқаларга ўхшаган аҳмоқ ва гўл эмасман. Узумнинг қанди кам, сабаби у анча салқин жойда ўсган. Етарлича қуёш нурини олмаган. Шунинг учун унга қанд ва ачитқи қўшилади. Йўқса, ундан ўткир ичимлик чиқмайди. Ачитқи эса кўп ичилганида, одамнинг кўнглини айнитади ва қусишга мажбур қилади! — деди.

Сўзларига бироз жаҳлдор оҳанг берди. Гўёки «сен ярамаслар мени атайлабдан қийнаяпсанлар» дегандай.

Аммо кейин у ўзини ташлаб юборди. Боя қайт қилганида, ичганларининг ҳаммаси ҳам чиқиб кетмаганди. Бир қошиқчаси барибир қолганди. Ана шу бир қошиқча суюқликнинг бир қисми барибир қонига ўтарди. Шу нарса унинг виждонини қийнади. «Бунинг жавобини қандай бераман?» деб қийналди. Иккинчи томондан, у ўзини маст қилиб кўрсатиши ҳам керак эди.

— Ярамас! — дея бақирди Арсен. — Биз челаклаб ичсак ҳам қайт қилмаймиз-ку! Тур ўрнингдан, итнинг боласи!

Ислом кўзини очди. Ҳақорати учун Арсенни еб ташлагиси келди. Бироқ ўзини босди. Ҳис-туйғуларига эрк бермади. Акс ҳолда, тузилган режанинг ҳаммаси расво бўлади.

— Сен ҳар куни ичасан. Баъзи кунлари бўкиб ичасан. Тананг кўникиб кетган. Бу шўринг қурғур, эҳтимол, биринчи марта шунча ичишидир. Тўғри айтди. Ачитқи кўнгилни айнитади, — деди Иван Николаевич Арсенга тикилиб.

— Иван, сен бунинг ёнини олаяпсан. Ўлай агар, шундай!

— Бас! Мен ишчи-деҳқонлар ва адолат томонидаман. Агар сен билан мен зўравонликни кучайтирсак, эртага ўртоқ Лениннинг олдида нима деб жавоб берамиз? Октябрь революцияси нима бўлади?!

Иван Николаевич ҳамиша керакли гапни топишни биларди. Ахир шунинг учун ҳам қўмондон бўлиб юрибди. Бироқ сўнгги пайтда, гарчи дошқурлар эса-да, «қизил аскарлар» сабабсиз ўлаяпти. Бунинг учун энг аввал у жавоб беради. Эҳтимол, трибуналга тортилиши ва отилиб кетиши ҳам мумкин. Аммо Арсеннинг сўзлари ҳам аҳмоқликдан ўзга нарса эмас-да. Ахир қандай қилиб битта отбоқар девкелбатли йигитларни нобуд қилиши мумкин? Шунинг учун ҳақиқий айбдорни топиши керак. Йўқса, «қизиллар»нинг ўлдирилиши давом этиши мумкин.

— Буни қамаб қўйинглар! — дея буюрди у соқчи аскарга.

Кейин бошқаларга ҳам жавоб бериб юборди. Фақат Арсенни олиб қолди.

— Қўмондон! — деди Арсен. — Бир чора топайлик!

— Ҳа, топишимиз шарт. Буни айтмасанг ҳам биламан… Хўш, демак, ҳар бир вагонга учтадан соқчи қўясан. Улар ҳар соатда алмашиб туришади. Алмаштирадиганлар эса алоҳида бўлади. Сен ўзинг биринчи ҳаммасига, айтмоқчиманки, қоровул ва навбатчиларга бошлиқ бўласан. Кеча-ю кундуз текшириб турасан. Айниқса, тунги пайт. Айниқса, ярим кечадан кейин ўта сергак бўласан. Аскарларнинг бари бир пайтда ётишлари ва жойларидан қимирламасликлари шарт. Фақат ўта зарурат туғилмаса, яъни ҳожат истаги бўлмаса, туриб юрган ёки ухламасдан гап сотиб ўтирган аскар жазога тортилади. Уқдингми?!

— Худди шундай.

— Унда ҳозирданоқ ишга кириш. Ҳар битта вагондан қоровулларни ажратиб ол. Яна битта гап. Ўша қоровул ўзининг вагонига қоровуллик қилмайди.

— Шуни эртароқ қилишимиз керак экан.

— Ҳа. Аммо олдин бундай воқеалар сира бўлмаган-да. Бўлмаса, минг афсуски, қанча жангчидан айрилдик. Яна уларнинг ҳар бири учун жавоб берамиз! Энг ёмони мана шу. Энди қолган жангчиларни омон-эсон манзилга етказишимиз шарт!.. Ичкилик тўхтатилади!

— Лекин, Иван Николаевич, дошқурлар ичкиликсиз бир кун ҳам туролмайди. Улар нон емасликлари мумкин, бироқ ичкилик бўлмаса, шу соатнинг ўзида дошқурлар учун ҳаёт тугайди.

— Чекла. Бир кунда икки юз грамм кўпи билан. Агар кимда-ким маст ҳолда юрган бўлса, жазога тортилади. Отиб ташламаймиз, қамчи билан даволаймиз.

— Ўртоқ қўмондон, жуда зўр фикр бердингиз. Қамалган тўрт кишиниям қамчиласак…

— Йўқ, уларнинг йўриғи бошқа. Уларники ўта жиддий. Туркистонга борганимиздан кейин улар ўша ёқда трибуналга тортилади. Агар қамчиласак, кейин қўйиб юборишимизга тўғри келади! Буйруқни бажар тезда!..

Арсен ўзида йўқ хурсанд эди. Ахир у бировларга дўқ-пўписа қилишни яхши кўради. Ахир унинг орзуси бошлиқ бўлиб буйруқ бериш. Ҳозир тепасида Иван Николаевич бор. Ундан ўтиб бировга бир нарса дея олмайди. Аммо энди қилса бўлади. Ҳар қалай, вагонларга кириб, олдингидан баландроқ овозда гапирса, биров бир нима демайди. Ҳар қалай, мартабаси олдингидан улуғроқ…

Исломнинг боши оғриди. Бунинг устига, очлик қийнай бошлади уни. Ахир қорнидагиларнинг ҳаммаси чиқиб кетди. Яна камига ичидан ачқимтил бир таъм келаяптики, сира чидаб бўлмайди. Охири у ўрнидан туриб, эшикни уришга мажбур бўлди.

— Нима дейсан? — деди қўриқчи аскар эшик ортидан.

— Сув бер, ўлиб қоламан! — дея кўзларини чирт юмди Ислом.

— Мумкин эмас.

— Ўлсам, жавоб берасан!

Ислом худди ўлиб қоладигандай, касали жуда оғирдай бошини эгиб, оёғини зўрға судраб босиб, агар биров озгина туртиб юборса, ағанаб тушадигандай бўлиб ортига қайтди. Амаллаб ўтирди, сўнг ётди.

— Агар, — деди уни кузатиб турган Багиш, — бизга ўхшаб ичганингда, шу заҳоти ўлиб қоларкансан!..

У кулди. Ёнидаги иккита шериги ҳеч вақони тушунмади. «Нима дединг?» дея сўрашди. Багиш ўрис тилида айтганларини ўзининг тилига таржима қилди. Шундан кейин шериклари ҳам кулди. Ислом эса жавоб қайтармади. Бунинг ўрнига фуфайкасини юзига ёпиб олди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, унга сув келтириб беришди. Ичди. Бояги ачқимтил таъм йўқолгандай бўлди.

— Қачон овқат берасанлар? — деб сўради.

— Ҳали ётавер, энг охирида оласан.

— Нима?! — деди Исломнинг ўрнига Багиш. — Нега энг охирида?! Биз одаммасми?! Бекордан-бекорга қамаб қўйганларинг етмагандай, овқатниям энг охирида берасанларми?!

— Топшириқ шундай бўлди.

— Ким буйруқ берди?!

— Арсен!..

Багиш ўтирган жойида полни муштлади ва ўзининг тилида сўкинди. Арсенни сотқинликда айблади.

Овқат беришгунича Ислом бир ухлаб турди. Калласи анча жойига келибди, бироқ ҳали-ҳамон у ўзини касал кўрсатар эди. Шундай қилиши керак-да.

Улар ҳали овқатларини еб бўлишмаганди, иккита аскар ҳамроҳлигида Арсен кириб келди. Аскарларнинг бирида идиш бор эди: шиша идиш. Идишда ичкилик бор эди. Уни кўриши билан Исломнинг юзи буришди. Арсен эса кулди.

— Ичасан! Мен сенинг қанақанги қасамхўрликлар қилганингни билмайманми?! Ҳаммани алдашинг мумкин, аммо мени ҳеч қачон алдаёлмайсан! — деди.

— Ўртоқ бошлиқ, ростдан ўлиб қоламан, — дея ёлворди Ислом.

— Унда яна яхши. Шунча қизил аскар ўлди. Шуларнинг қаторига сени ҳам қўшиб қўйсак, биров бир нарса демайди. Ҳар қалай, кўп қатори кетасан!.. Мусобақа ўтказганмидинг? Мана энди ўша мусобақани мен ўтказаман. Битта эмас, иккита «червонс»…

— Бўпти! — деди Ислом зарда қилиб. — Аммо ўлсам, уволимга қоласан! Қуй!..

Бу сафар Ислом қайт қилмасдан йиқилди. Нақ бешинчи стакандан кейин. Бирдан йиқилди. Шу ўтирган жойига.

— Барибир, кўтаролмас экан, — деди Багиш. — Менга бер, командир, беш литрини ичиб юбораман.

— Яхши биламан. Майли, лекин сенлар ҳам қуруқ қолмаларинг. Фақат икки юз граммдан кўп ичиш мумкин эмас. Топшириқ шундай бўлди. Бундан ташқари, ҳар битта вагонга қоровуллар қўйилди. Навбатчилар бор. Пашша учса ҳам билинади. Керак бўлса, ўша пашшани ҳам ушлаб оламиз! — дея унга жавоб қилди Арсен. Сўнг дошқурларни бирма-бир «суғориб» бўлганидан кейин вагондан чиқиб кетди. Ортидан эшикнинг қулфлангани эшитилди. Ана шундан сўнг Ислом қайт қилди. Бу сафар ўзини ўзи мажбурлаб қайт қилди. Қироллик академиясида ҳамма нарса, жумладан, қайт қилиш ҳам ўргатилган эди.

У ичида борини вагоннинг бурчагига тўкиб ташлади.

Камерадошлари ижирғанишди. Тозалашни талаб қилишди. Бу ишни яна «ўладиган» ҳолга келган Ислом ўзининг жондай бўлиб қолган фуфайкасининг астарини йиртиб олиш билан бажарди ва вагон деразасидан ташқарига ирғитиб юборди. Дошқурлар ижирғанишди. Бир-бирларига қараб кўз қисишди. Шунда ўта камгап, асосан, бошқаларнинг гапларига қулоқ соладиган Аревшат исмлиси Багишга:

— Нега бу бизга хизмат қилмаяпти? Ҳеч бўлмаганда, оёқларимизни уқалаб қўймайдими? — деди ўзининг тилида.

Багиш иржайди.

— Кўнглинг яна нима тусайди?.. Аммо зўр таклиф бердинг. Зерикиб қолдик. Эзамизми? — дея сўзлади у ўзининг тилида.

— Ҳа, оёғингни уқалат. Кеча айтаётгандинг оёғим оғриб қолди, деб. Агар қилса, мен уни минаман.

— Минишингга чидамаса керак. Қара, зўрға судралиб юрибди.

— Арсен боплади. Аммо бекор қилди. Жони қолмади. Шундай бўлса-да, эрмак қилишимизга ярайди.

Багиш бошидаги кепкасини олиб ёнига ташлади. Сўнг кир бўлиб кетган бошини кир босган тирноқлари билан қашлади. Сўнг эндигина жойига бориб, бошини хам қилган кўйи ўтирган Исломга юзланиб:

— Сен бизнинг кайфиятимизни ер билан битта қилдинг, — деди рус тилида.

Ислом бу гаплар ўзига нисбатан айтилаётганини билди. Аммо ўзини билмаганга олиб ўтираверди.

— Нима, қулоғинг том битганми? Мен сендан бошқа бировга рус тилида гапирганимни эшитганмисан?! Ҳой овсар! Кўтар бошингни! — дея ғижинди Багиш.

— Ҳақорат?! — деди Ислом бошини кўтариб. — Партия шундай деб таълим берганмиди?

— Тушунмадим, — деб кўзини олайтирди Багиш.

— Бошқалар майли, саводлари йўқ. Аммо сенинг саводинг бор-ку. Ўқиш-ёзишни биласан. Шундай аҳволда сен энди кун кўраман деб турган ишчи-деҳқонларга худди буржуйларга ўхшаб муомала қилаяпсан. Арсенни қўйиб тур, у бор-йўғи эшелон кузатувчисининг ўринбосари. Унинг вазифаси сен ва сенинг сафдошларингни омон-эсон манзил-маконга етказиш. Баъзан у қўполликлар ҳам қилиши мумкин. Аммо шикоят қилинса, у ҳам керакли жойда жавоб беради. Калласи билан… Сен эса нафақат душман билан жанг қилгани, балки ўзингнинг маданиятингни ҳам кўрсатгани кетаяпсан оддий халққа.

Багиш Исломнинг сўзларидан таъсирланди ва шерикларига қараб олди-да:

— Бу бола оддийга ўхшамайди. Унинг калласи ишлайди. Айтганидай, ўлмасдан етиб борса, керакли жойда сенинг, бизнинг бошимиздан шунақанги мағзава ағдариши мумкинки, кейин у ёғини айтишга ҳатто тилим бормайди, — деди ўзининг тилида.

Шериклар Исломга ола қарашди, сўнг бошларини қимирлатиб қўйишди.

Ҳақиқатан ҳам, Исломнинг анча мадори қуриганди. Шу боис у ётиб ухлади. Ахир тунги амаллари учун куч керак. Қолаверса, у Арсеннинг гапларини эшитди. Демак, вагонларда қоровуллар бўлади. Уларга чап бериб ёки уларни гумдон қилиб ўтиш эса ўзи бўладиган иш эмас…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: