Хушхабар: инсон ўзинг!

Эй замондош! Эй одамзод! Эй ИНСОН аталмиш жонзот! Қулоқ ос! Қулоқ ос! Осгин-да қулоқ!
Замину Самони хушхабар тутди! Хушхабар!!! “Инсон ўзинг!” деганди Шоир, инсонлиги ёдига тушди Одамзоднинг.
Бир йилга низолар, қирғинлар, урушлар батамом тўхтади. АҲДЛАШУВ амалга ошди – энг тараққий этган, демак, энг қудратли давлат раҳбарлари, демак, энг закий, энг доно, энг дониш давлат раҳбарлари инсон табиатидаги э-энг ардоқли туйғу бўлмиш МЕҲР туйғусига қулоқ тутиб, лоақал БИР йилга ИНСОНДЕК ЯШАШ ғоясини илгари сурдилар. Кўҳна тарих кўрмаган шоён ВОҚЕА!
Гина-кудуратлар унутилади, қасд олишларга чек қўйилади, кўзлардан, сўзлардан меҳр ёғади, эъзоз ёғади, раҳм-шафқат ёғади!
Диллар вайрон бўлмайди,
қонлар тўкилмайди,
уй-жойлар тўзонга айланмайди,
бадавлат ночорга қайишади,
тўқ очнинг ҳолидан хабар олади,
нафақат бир мамлакат, давлат ҳудудида, балки бутун дунё миқёсида адолат мусиқаси баралла янграйди.
Олам эркин нафас олади, табиат тирик жон учун мисоли Она бағрига айланади. Сувлар шарақлаб оқади, шабада дилга ором бағишлайди, Қуёш ҳарорати, тун-кун таровати яшашга, яшашга ва яна эмин-эркин яшамоққа ундайди. Касаллар соғаяди, касалхоналар ҳувиллаб қолади. Шифокорлар…
Жиноят тул ва бевага айланади. Жазога тил бормайди. Ҳуқуқ пешволари…
Фарзандлар чеҳрасидан шодон кулги аримайди.
БИР ЙИЛ! БИР ЙИЛ! БИР ЙИЛ!
Кўҳна тарих шодасида бир йил нима деган гап?! Инсон иродаси, инсон заковати, инсон онгу тафаккури бир йил инсондек яшашга қурби етади, лоақал БИР ЙИЛ!
Бу йилда башарият ўзини ўзи даволайди, хаста кўнгли, хаста руҳи, хаста нафси измидан чиқади – инсонлашади. “ИНСОН ЎЗИНГ!” деган ЎЗБЕК шоирининг огоҳлик қўнғироғига қулоқ осади…
Хуршид Дўстмуҳаммад