Трамп айрим давлатларга нисбатан янги бож ставкаларини эълон қилди

Дональд Трамп кампанияси 1 августдан кучга кирадиган янги бож ставкалари ҳақида АҚШнинг бир қатор савдо ҳамкорларига расмий мактублар юборганини маълум қилди.
Трампнинг сўзларига кўра, бу чоралар АҚШ иқтисодиётини рақобатбардош ҳолатда сақлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш ва мувозанатсиз савдо алоқаларига барҳам бериш мақсадида қўлланилмоқда.
Янги бож ставкалари қуйидагича белгиланмоқда:
Жазоир, Ироқ ва Ливия: 30 фоиз импорт божи
Бруней ва Молдова: 25 фоиз импорт божи
Филиппин: 20 фоиз импорт божи
Янги тарифлар АҚШга ушбу давлатлардан олиб кириладиган саноат ва истеъмол товарлари, жумладан, автомашина қисмлари, кимё маҳсулотлари, озиқ-овқат, мато ва электрон маҳсулотларга нисбатан татбиқ этилиши кутилмоқда.
Трамп бу божлар орқали хорижий рақобатчиларни АҚШ бозоридан чеклаш, шу орқали Америка ички ишлаб чиқарувчиларини рағбатлантириш ниятида. У илгари ҳам Хитой, Европа Иттифоқи ва Канада маҳсулотларига нисбатан юқори божлар жорий қилган эди.
АҚШ Савдо вакиллар ҳокимияти (USTR) ҳали бу тарифлар юзасидан расмий изоҳ бермаган, бироқ айрим таҳлилчиларга кўра, бу чоралар АҚШнинг Жаҳон савдо ташкилотидаги мажбуриятлари билан зид келиши мумкин.