Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (44-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (44-қисм)

Улар гарнизон ичкарисига киришди. Ҳамидулла бир қарашда саф тортиб турган аскарларни, тўпларни, кейин шошиб кетаётган бошқа ҳарбийларни кўрди. Яна гарнизонга кираверишда қўлига қизил лента боғлаб олган қўриқчи қизил аскарга ҳам эътибор қаратди.

Уни Обид Холмуродович пешонасига қизил ҳарфлар билан «Столовая» деб ёзилган бинога олиб кирди. Ҳамидулла биринчи марта бунақанги жойни кўриши эди. Ичкари жуда кенг экан, яна узун стол, стул…

— Бу ерда нима қилади? — деб сўради у Обид Холмуродовичдан.

— Жангчилар овқатланишади.

— Эҳҳе, бунча кўп?

— Ҳаммаси бирдан кирмайди. Навбатма-навбат киришади.

— Қанча аскар кетади бу ерга?

— Биттада беш юз.

— Ўҳҳў!

— Бўлди, камроқ савол бер.

У оқ қалпоқли ошпазларга ўрисча гапирди. Ҳамидулла ҳеч нарсага тушунмади.

Кейин темир косага овқат солиб беришди. Яна тўрт бўлак қора нон ҳам беришди.

Ҳамидулла ўзининг итдай очлигини кўрсатиши керак эди. Шу боис у ҳеч нимага қарамасдан шоша-пиша овқатланишга тушди. Обид Холмуродович уни кузатаркан, кулди. Сўнг бурнини тортиб қўйди.

— Менга қара! — деди косадан бошини кўтармаётган Ҳамидуллага. — Бешкапа деган қишлоқни биласанми?

Ҳамидулла ейишдан тўхтади. Бошини кўтариб, Обид Холмуродовичга қаради.

— Ака, — дея энди гап бошлаган эди, Обид Холмуродович бирдан унинг оғзига урди:

— Мен сенга «ака» дема, дедим-ку!

— Ҳа-ҳа, мени кечиринг. Ҳалиги, нимайди, кечмиди…

— Оббо! Бунча овсарсан?! Обид Холмуродович.

— Ҳа-ҳа, Обид Холмуродович. Биласизми, Обид Холмуродович, мен биламан Бешкапани.

— Қандай биласан?

— Бундан олти йилча аввал холам шу ёққа эрга теккан эди. Боргандим. Эшак аравада.

— Эҳҳе, олти йил. Қандай боришни биласанми?

— Ҳа, биламан. Кўзимни юмиб бора оламан. Чунки, биласизми, менинг хотирам зўр. Бир кўрдимми, тамом, ҳаммасини эслаб қоламан, — деб Ҳамидулла яна худди биров тортиб оладигандай шоша-пиша овқатланишга тушиб кетди.

— Сен мен ўйлаганимдан анча қувга ўхшайсан. Бўпти, бўпти, тезроқ е.

— Нима, ака? — деди Ҳамидулла овқатланиш асносида ва бирдан ейишдан тўхтади. — Бир қошиқ қонимдан кечинг, Обид Холмуродович, Бешкапага борамизми?

— Ҳа, борамиз. У ерда ҳозир бир бало пайдо бўлган.

— Йўғ-э, одамга юқадими?

— Юқади, ёмон юқади. Сен овқатланиб, кирган эшигимиздан чиқавер. Унгача мен сенга кийим гаплашиб қўяман.

— Хўп, хўп…

Обид Холмуродович чиқиб кетганидан сўнг Ҳамидулла хотиржам овқатланди. «Ишқилиб, Нормурод жойидан бошқа ёққа кетиб қолмасин. Мен унга кўрганларимнинг ҳаммасини айтаман-да, қишлоққа жўнатиб юбораман», дея хаёлидан ўтказарди у.

Ҳамидулла кийинтирилди. Унга қурол берилди. Кейин бир мусулмон йигит уни ўқ отиш машқлари бажариладиган жойга олиб борди. Ҳамидулла милтиқдан ўқ отишни яхши билади. Ислом ўргатиб қўйган. Кейин пулемётни ҳам кўрди. Ислом қишлоғига борганида, аввалги ўлжаларининг ҳаммасини олиб келди. Албатта, уларнинг орасида пулемёт ҳам бор эди. Шундай экан, бу нарсалар уни ажаблантирмади. Аммо ўзини ажабланган қилиб кўрсатди. Кейин у ҳали отишни бошламасидан бурун ўргатувчисига тўпни кўрсатиб: «Нима у?» деб сўради.

— Тўп. Булар билан Қўқон ўққа тутилди. У ишга тушганида жаҳаннам пайдо бўлади. Гумбурлаб, ҳаммаёқни пайҳон қилади! — деди ўргатувчи ғурур билан.

— Эй-й, даҳшат нарса экан-ку! Кўпми бунақанги матоҳдан?! — дея кўзларини катта-катта очди Ҳамидулла.

— Йигирматача бор. Эшитишимга қараганда, уларнинг ярми эртага олиб кетиларкан.

— Қаерга?

— Қишлоққа дейишди. Бешкапа қишлоғини тўпга тутгани олиб боришади.

— Нега?

— Улар ҳаддидан ошишибди. Биз икки марта қўшин жўнатдик. Иккинчисида мингдан зиёд аскар бор эди. Лекин Мадаминбекнинг жангарилари уларни қириб ташлабди. Айтишларича, Мадаминбекнинг бир тўда каллакесарлари шу қишлоқда эмиш.

— Агар мингта аскарни қириб ташлаган бўлса, жуда кўп экан-да улар.

— Билмайман. Энди гапни бас қилиб, ишга кириш.

Ҳамидулла атайин дастлабки ўқларини хато отди. Ваҳоланки, бемалол нишонни ура оларди. Шунга ўрганиб бўлганди. Аммо ҳозир ўзини гўл кўрсатиши шарт.

Кечга бориб, унинг ичини ит тирнай бошлади. Чунки билганларини Нормуродга етказиши ва шериги тезлик билан қишлоққа бориб, хабарни Исломга айтиши керак. Акс ҳолда, қишлоқнинг кули кўкка совурилиши мумкин. У гарчи кўрмаган эса-да, Қўқон аҳли тўпга тутилганда нималар бўлганлигини, одамлар қандай ҳалок бўлишганини, уйлар қандай қулаб тушганларини эшитган. Шундоқ экан, эртароқ бир чора кўриши керак. Шом вақти кириб, қоронғилик туша бошлагач, унинг безовталиги икки ҳисса ошди. Айниқса, кечга бориб худди ўзига ўхшаганлардан биттаси: «Эртадан кейин йўлга тушарканмиз», деди-ю, у оёғи куйган товуққа ўхшаб қолди…

У шунчалик безовталанардики, сал бўлмаса, кимлигини билдириб қўярди. Кейин секин ташқарига чиқиб келишни ўйлаб қолди. Нормуроднинг ёнига боради ва ҳамма эшитганларини унга айтади. Сўнг қайтиб келади. Аммо битта ўхшамайдиган томони ҳам бор. Агар у борса-ю, Нормурод жойида бўлмаса-чи? Ахир ҳар нарса бўлиши мумкин. У асли кимлиги номаълум бўлган Обид Холмуродович деган одам сабаб бу ерда юрибди. Балки, Нормурод ҳам ким биландир кетиб қолгандир. Ўзларини ҳукумат деб ҳисоблайдиган қизиллар олиб кетган бўлишса-чи? Бу ерга эмас, бошқа жойга: сўроқ-саволга тутадиган жойга. Балки уни қандайдир қора ишга тиқиб қўйишгандир. Янаям ким билади, дейсиз?

Ниҳоят, у орзиқиб кутган оқшом тушди. Гарнизон ичкарисида ҳар-ҳар жойга фонуссимон мойчироқлар илиб қўйилганди: яқинида турсанг, биров сени таниши мумкин, сал узоқлашсанг, қоранг кўринади, аммо бировнинг таниб олиши қийинлашади.

У тўғри дарвозада постда турган қўриқчининг ёнига борди.

— Менга қара, арманларнинг дўконига бориб келмоқчиман. Шароб олиб келаман. Ичмасам, юрагим сиқилади, — деди.

Қўриқчи ўзбек тилини чала биларди. Аммо Ҳамидулланинг мақсадини тушунди. Сабаби шароб нима эканлигини жуда яхши билади.

— Бор, лекин тез қайт. У ёқда ичиб қўйма. Маст бўлиб қолсанг, келолмай қоласан. Босмачилардан эҳтиёт бўл, — дея рус тилида сўзлади у.

Ҳамидулла унинг рухсат берганини англади ва «басмач» деган сўзини ҳам тушунди.

— Хавотир олма, дарров қайтиб келаман, — деб худди биродаридай унинг елкасига қоқиб қўйди.

Нормурод жойида йўқ эди. У кеч тушгунча бир жойда ўтириб тиланчилик қилган, тўрт-беш сўм ишлаб ҳам олганди. Аммо кўп нарса билолмади. Биров билан гаплашишнинг иложи бўлмади. Ўзига ўхшаган юпун кийиниб юрганлардан нажот йўқ эди. Ҳарбийлар эса сўзлашишни исташмади. Сал бундайроқ кийинганлар эса уни четлаб ўтишди. Шундай бўлса ҳам у бир жойда умид билан ўтираверди. Кеч тушгач эса Ҳамидулла билан учрашувга кетди. Бироқ уни тополмади. Қорин эса роса оч эди. Шу боис арманларнинг дўконига борди. Чунки бошқа ҳеч қанақа дўкон йўқ. Биргина таланмаган уларнинг дўкони қолган. Бошқа миллат, элат вакилларининг дўконлари эса вайрон қилинган. Сабаби улар мулкдорлар — бойлардир. Бойлар, мулкдорлар — янги жамиятнинг ашаддий душмани. Армани дўкондорларнинг эса шохи бор.

Дўкондор унга бир бурдагина нон берди.

— Бунча оз? — дея қўлидаги нонни кўрсатди Нормурод дўкондорга.

— Ҳозир шуниям тортиб оламан. Берганимга шукур қилиб, бу ердан туёғингни шиқиллат! — деб жавоб қилди узун бурунли мешқорин армани.

Нормуроднинг қўллари мушт бўлиб тугилди. Аммо у ўзини босди. Ҳали вақти-соати эмас эди. «Биринчи навбатда мен сенинг меш қорнингни ёраман», дея кўнглидан ўтказган Нормурод дўкондан чиқиб кетди.

У нонини еб бўлганидагн сўнг, Ҳамидуллани роса қидирди. Фақатгина оқшом чўкканидан кейингина топди.

Танимади. Ҳамидулланинг ўзи таниб келди. Қаёқдан ҳам танисин? Ҳамидулла ҳарбий кийимда келиб турган бўлса! Қўрқди. «Бу валакисаланг менинг нега ўтирганимни сезиб қолдими?» деб ўйлади ва исми айтилганидан кейин ҳам бир муддат қаршисида қорайиб турган ҳарбийга тикилиб турди.

— Нормурод, томинг кетиб қолдими, нима бало? Танимаяпсанми? — деди Ҳамидулла.

— Эй, эй, Ҳамидулла, устингга нима балоларни кийиб олдинг?! Сал қолса, юрагим ёрилаёзди, — дея жилмайди ўзига келган Нормурод.

— Менга қара, вақт ўта зиқ. Ҳали ҳаммасини сенга тушунтириб бераман. Мен амаллаб ичкарига кириб, қизил аскар бўлиб олдим. Гап бундай: ҳозирнинг ўзида қишлоққа жўнайсан. Ислом акага айт: душман икки минг кишилик қўшин билан қишлоққа бостириб бормоқчи. Улар билан бирга ўнта тўп, яна йигирмадан зиёд пулемёт бўлади. Улар қишлоқнинг кулини кўкка совуришмоқчи. Агар тезлик билан бирор чора кўрилмаса, қишлоғинг омон қолишидан умид қилма. Энди жўна. Тез бор. Ҳеч қаерда тўхтама. Тушундингми?!

— Ҳа, лекин…

— Лекин-пекинга ўрин йўқ. Ҳаммасини Исломнинг ўзи ҳал қилмаса, бошқа бировнинг қўлидан ҳеч нима келмайди. Жўна, биродар, жўна!

Ҳамидулла шошиб қайтиб кетди. Нормурод серрайганча унинг ортидан қараб қоларкан: «Қулоқларимга ишонайми ёки кўзларимга? Ҳозир менга шунча гапни Ҳамидулла айтиб кетдими? Ҳарбий кийимдаги Ҳамидулла? Бир кунда тиланчидан ҳарбийга айланиб қолган Ҳамидулла? Ё мен ақлдан озиб, кўзимга шундай кўриндими?» дея кўнглидан ўтказди.

Ҳамидулла эса нарироққа бориб тўхтади. Ортига ўгирилиб, Нормурод ҳалиям қаққайиб турганини кўргач, изига қайтди.

— Нима қилиб турибсан? Шунча гапни мен деворга айтдимми?! Югур, бўл тез! — деди жаҳл билан.

— Шошма. Аввал мен сенинг юзингни чимдиб кўрайин. Бошингдаги матоҳингни ол, каллангни кўрайин. Ҳозир ўзимга ишонмай турибман.

Ҳамидулла бош кийимини қўлига олди, юзини Нормуродга тутди. Сўнг:

— Энди ишондингми? Ишонган бўлсанг, вақтни ўтказма!.. — деди.

Нормурод илжайди ва ортига ўгирилиб югуриб кетди.

Ҳа, у қишлоғига одатдагидан тез борди. Сабаби масофанинг асосий қисмини югуриб босиб ўтди. Ҳар сафар югуришдан тўхтаганида, Ҳамидулланинг сўзларини эслади. Ҳар сафар эслаганида эти жимирлади, қўрқуви ошди. Ахир ўнта тўп унча-мунча нарса эмас. Тўпнинг нима эканлигини билмасаям, эшитган. Қўқонни тўпга тутишди. Қўқоннинг одамлари осмонга учиб, ерга фақат ўликлари тушди. Ҳаммаёқни чанг-тўзон қоплади. Уйлар қулади… У бир муддат қишлоғининг ҳам тўпга тутилганини тасаввур қилиб кўрди. Худо кўрсатмасин, агар шундай воқеа содир бўлса… У ёғини ҳатто ўйлашдан-да қўрқарди…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.

Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: