Оҳангарон шаҳридаги туғуруқхонада аёл ва унинг ҳомиласи нобуд бўлди!..
Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги туғуруқ бўлимида 39 ҳафталик ҳомиласи бор аёлнинг аҳволи оғирлашиб, вафот этди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатларини олиб бормоқда.
ССВга кўра, 3 апрель куни соат 02:45 да 32 ёшли Х.А. қорин ва белдаги оғриқ билан Оҳангарон шаҳри тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимига ҳомиладорлик 4, 39 ҳафта, туғуруқ 3, туғуруқнинг 1-даври, латент фазаси, семизлик 3-даражаси ташхислари билан қабул қилинган. Бемор шифокорлар назорати остида бўлган.
4 апрель куни соат 14:10 да аёлнинг тўсатдан аҳволи оғирлашиб, ҳаво етишмаслиги ва юрак соҳасида оғриқ билан нафас олиши қийинлашган. Шундан реаниматолог иштирокида беморда реанимацион чоралар амалга оширилган. Бироқ орадан салкам ярим соат ўтиб, аёлда биологик ўлим кузатилган.
«Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, беморнинг ўлимига юрак ишемик касаллиги, ўткир коронар етишмовчилиги, юрак мушакларининг гипертрофияси ва ўткир миокард инфаркти сабаб бўлган», — дейилади вазирлик ахборотида.
Асорати: ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги, ўпка шиши, бош мия шиши. Ҳомилада ҳам антенаталь ўлим қайд этилган.
«Текшириш ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дея қўшимча қилди у.
Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлими
Ўзбекистонда 2023 йилнинг 9 ойи давомида оналар ўлими кўрсаткичи 100 минг тирик туғилишга нисбатан 14,1 промиллини ташкил этганди. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 13,1 промиллига тенг бўлган. Хусусан, Сирдарё вилоятида кўрсаткич 11,6 промиллидан 45,6 промиллига ошган.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Кения пойтахти Найроби шаҳрида ўтказилган анжуманда Ўзбекистон 2030 йилгача оналар ўлими, гендер нотенглиги ва маиший зўравонликни батамом тугатиш мажбуриятини зиммасига олганди.
Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йилдаги президент сайлови дастурида эса 2030 йилга қадар оналар ва болалар ўлими, шунингдек, болалар ўртасида ирсий касалликларни камида 2 баробарга қисқартириш, онкология, юрак-қон томир, диабет, нафас йўллари ва юқумли касалликлар бўйича эрта ўлимни эса 2,5 баробар камайтириш асосий вазифа бўлиши таъкидланган.
2024 йилнинг февраль ойида президент Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлари, вилоят ва туман тиббиёт идоралари раҳбарларини: «Ҳар бир она ва бола ўлими „фавқулодда ҳолат“ деб баҳоланади ва сўров шунга яраша бўлади», — дея огоҳлантирганди.