Олтин Ўрда даврига оид тангалар топилди

Қозоғистоннинг Атирау шаҳри яқинида жойлашган “Ақтобе-Лаэт” қадимий шаҳар харобаларида ноёб ўрта асрларга оид кумуш тангалар топилди. Бу ҳақда “Kazinform” хабар берди.
Топилган тангалар Олтин Ўрда ҳукмдори Темирхон даврига тегишли. Россиялик профессор-нумизматлар тангалардаги белгиларнинг релъефини ўрганиб, уларнинг тарихий аҳамиятини юқори баҳолаган.
Машҳур нумизматик олим Павел Николаевич Петровнинг фикрича, бу тангалар XIII асрнинг иккинчи ярмига оид. Тангаларнинг бир томонида Темир хон, иккинчи томонида эса хитой иероглифлари тасвирланган. Бу, эҳтимол, Чингизхон авлоди билан Чағатой улуси ўртасидаги можаролар даврида асирга тушган Номўхон исмли сиёсий асир билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Шунингдек, қазишмалар давомида “Тагара” деб номланган қадимий сопол идиш ҳам топилган бўлиб, у тўлиқ ҳолатда сақланиб қолган.
Қазиш ишлари Атирау вилоятининг тарихий-маданий меросини ўрганиш маркази буюртмасига асосан олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Олмаота вилояти Уйғур туманида жойлашган Тоғизбулоқ қишлоғи яқинидаги қадимий қабрлар ҳудудида Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон Миллий университети археологлари томонидан Сак даврига оид ноёб олтин заргарлик буюмлари топилганди.