Мянмада фавқулодда ҳолат бекор қилинди

Мьянманинг ҳукмрон ҳарбий кучлари 31 июль куни мамлакатда тўрт ярим йил давом этган фавқулодда ҳолатни бекор қилди. Бу ҳақда Kyodo агентлиги хабар бермоқда.
2021 йил 1 февралдаги давлат тўнтариши натижасида Аун Сан Су Чжи бошчилигидаги сайланган ҳукумат ағдарилгандан сўнг, хунта ҳарбийлар ва мухолифат кучлари ўртасидаги узоқ давом этган можаро туфайли фавқулодда ҳолат режимини бир неча бор узайтирган эди.
Ҳозирда фуқаролар уруши давом этаётган бир пайтда, фавқулодда ҳолат режими яқин ойларда ўтказилиши режалаштирилган умумий сайловлар учун бекор қилинган.
“Мамлакат кўппартияли демократик тизим сари ҳаракат қилиши зарур”, деди Мьянма ҳарбий ҳокимияти вакили генерал Зо Мин Тун мамлакатда фавқулодда ҳолат бекор қилинганидан сўнг.
Давлат тўнтаришидан бери ҳарбий хунта томонидан 7000 дан ортиқ киши ўлдирилган ва 22 200 дан зиёд одам ҳарбий қамоқхоналарда сақланмоқда.