Туркиянинг Сардис ва Бинтепе Лидия тепалиги ЮНEСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилди

Туркиянинг Сардис ва Бинтепе Лидия тепалиги ЮНEСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилди

Туркия ўз маданий меросини ҳимоя қилиш ва барқарорлигини таъминлаш учун миллий ташаббусларни ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни давом эттирмоқда. 2025 йил 6-16-июл кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 47-сессиясида 2013 йилдан бери ЮНEСКОнинг вақтинчалик рўйхатида бўлган Сардис ва Бинтепе Лидия тепаликлари расман ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилди. Маниса вилояти ғарбидаги ушбу объектнинг рўйхатга қўшилиши билан Туркиядаги ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатидаги объектлар сони 22 тага етди.

Бир пайтлар Лидия пойтахти бўлган Сардис қудратли темир даври цивилизацияси бўлиб, нафақат бойлиги ва дастлабки тангалар ишлаб чиқариши билан машҳур бўлган, балки Онадўлининг бой ўтмишидан далолат беради. Қироллик некрополи бўлган яқин атрофдаги Бинтепеда дунёдаги энг катта тумуллар (қабр ёки қабрлар устига кўтарилган тупроқ ва тошлардан иборат тепалик) жойлашган. Мазкур ҳудуд Онадўлидаги Лидя цивилизациясининг бетакрор маҳаллий маданиятини акс эттирувчи нодир археологик ва меъморий далиллар туфайли ЮНEСКО мезонига (iii) мувофиқ тан олинган. Ушбу эътироф билан Туркия ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатидаги ўз ўрнини янада мустаҳкамлайди ва бой тарихий қадриятларини умуминсоний мерос доирасида дунё миқёсида тан олинишига хизмат қилмоқда.

Лидия пойтахтининг шонли мероси

Тарихи милоддан аввалги V асрга бориб тақаладиган Сардис милоддан аввалги VI асрда Лидия қироллигининг пойтахти сифатида тарихда ном қозонган. Лидияликлар — ўзига хос тил ва диний тизимни ривожлантирган, олтин ва кумуш тангаларни биринчи бўлиб муомалага киритиш орқали пул тизими эволюциясида катта ўзгариш бошлаган Онадўли халқи эди. Бир пайтлар Пактол дарёси номи билан машҳур бўлган Сарт сойи Сардис ва унинг атрофини шоҳ Крезнинг улкан бойлик манбаи бўлган олтин конлари билан бойитган.

ЮНEСКО маълумотларига кўра, “Сардис мустаҳкам қалъалари, айвонлари ва алоҳида зоналари, жумладан, аҳоли пунктлари, зиёратгоҳ ва қабристонларга эга бўлган ноёб шаҳар тузилишига эга эди”. Сардис шаҳри ўзининг меъморий тузилиши ва маданий мероси билан ажралиб турар экан, Бинтепе ҳудудидаги Лидя тумуллари 7 500 гектардан ортиқ майдонга ёйилган 119 дан ортиқ қабртош тепалари билан дунёнинг энг йирик қадимий некрополларидан бири сифатида эътироф этилади.

Милоддан аввалги VI асрда Лидия қироллиги қулаганидан кейин Сардис Форс, Юнон, Рим ва Шарқий Рим ҳукмронлиги остида ўз аҳамиятини сақлаб қолди. Бугунги кунда бу ерда жуда яхши сақланиб қолган Рим иншоотлари, жумладан, ҳаммом-гимназия мажмуаси, акропол ва Артемида ибодатхонаси мавжуд. Қадимий Сардис шаҳри диний аҳамияти билан ҳам ажралиб туради. Унда қадимги дунёнинг машҳур энг катта синагоги ва Ғарбий Онадўлидаги Етти Ваҳий черковидан бири жойлашган. Христианлар учун Туркиядаги энг муҳим диний масканлардан бири бўлган бу черковлар нафақат илк насронийликнинг тарқалишидаги роли, балки Ваҳий китобига кўра, Авлиё Иоанндан уларни руҳий янгиланишга чақирувчи мактублар олгани учун ҳам муқаддасдир. Сардис черковига ёзилган мактубда эса жамоа руҳан ўлик бўлса-да, “тирикдек” кўрингани танқид қилинган.

Сардис қазиш ишлари бошқармаси раҳбарлигида қадимий Сардис шаҳри ва Бинтепедаги Лидия тепалигида археологик қазишмалар давом этмоқда. Бу ишлар Туркиянинг бой маданий меросини муҳофаза қилиш ва барқарор бошқаришга устувор аҳамият берадиган кенгроқ археологик қарашларнинг бир қисмидир. Жорий ёзда давом этаётган “Тунги музей” лойиҳаси билан Туркия бўйлаб 27 та жой, жумладан Сардис ҳам тунгача очиқ бўлади ва ташриф буюрувчиларни юлдузлар остида мамлакатнинг бой маданий меросини ўрганишга таклиф қилади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: