Зеленский: Украина ва Россия ўртасида 1200 нафар ҳарбий асир алмашинувига тайёргарлик кетмоқда

Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Федерацияси билан ҳар томондан 1200 нафар асирни алмашиш бўйича тайёргарлик олиб борилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзди.
Маълумотга кўра, Зеленский бу масалани Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров ҳамда Президент идораси раҳбари Андрей Ермак билан муҳокама қилган. Унда Истанбулда ўтказилган музокаралар натижалари ва навбатдаги учрашувга тайёргарлик кўриш масалалари кўтарилган.
«Асосий масалалардан бири — ҳарбий асирларни алмашишни давом эттириш. Ҳар томондан 1200 кишини алмашиш бўйича келишув мавжуд, рўйхатлар устида иш давом этмоқда. СНБО котиби россиялик вакил билан олиб борилган мулоқот ҳақида ахборот берди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, Зеленскийга маълум қилишларича, Украина фуқароларини қайтаришни тиклаш бўйича ҳам иш олиб бормоқда — ҳар бир фуқаро юзасидан маълумот аниқланмоқда.
Андрей Ермак эса АҚШ ҳамда бошқа асосий дипломатик ҳамкорлар билан мулоқот ва Россияга олиб кетилган украин болаларни қайтариш бўйича ҳаракатлар тўғрисида ҳисоб берган.
Учрашувда, шунингдек, Украинанинг ҳаво ҳимоя тизимини ривожлантириш ва Россиянинг ҳарбий логистикасига узоқ масофали зарбалар масалалари ҳам муҳокама қилинди.