Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (14-қисм)

Иброҳим ҳеч кимга қўшила олмасди. Уйга кириб ўтирай деса, отасини шу ерга олиб киришди. Уй хотин-халаж билан тўлди. Ташқарида турса, янгалари ўша онаси ўлгандаги гапни айтишяпти: «Бизни шарманда қилиб, ҳар кимнинг кўзига кўринаверма…» У ҳаттоки «яна оғилхонага кириб ўтирсаммикан», деб ўйлади ҳам. Аммо кутилмаганда устози йўқлаётганини айтишди. «Фақат ҳаммани шарманда қилиб, шу аҳволда борма, юзингга бирор нима тақиб ниқоблан», дейишди.

Иброҳим шундай қилди ва устози ўтирган чорпоянинг ёнига борди. Уни кўрган Сайфулла эшон қўли билан яқинроқ келишини айтди.

— Қабристонга борганда, — дея шивирлади мулла Иброҳимнинг қулоғига, — кўмиб, тиловат қилиб бўлишгач, ҳамма кетса ҳам, сен отангнинг қабри ёнидан узоқлашма. Ҳисоб-китоб энг охирги одам уч қадам узоқлашганидан кейин бошланади. Мен икки акангга айтдим. Улар ҳам ёнингда бўлишади. Йўқса, бир ўзинг қўрқасан. Сен улар билан қолишингнинг сабаби, Ёсинни ўқийсан. То сен ўқиб бўлгунингча майит қабрга мослашиб олади. Хўпми?

— Хўп, — деди Иброҳим бошини қимирлатиб.

Бу гапни Файзулла чолнинг ўзи Сайфулла эшонга тайинлаганди. «Иброҳим тиловат қилсин», деганди. Биринчидан, боланинг ота ҳаққига қилган дуоси тўғри етиб боради, иккинчидан, маййитга енгиллик бўлади. Файзулла чол ҳам бундай гапларни бировлардан эшитган эди. Ва омонат сифатида Сайфулла эшонга айтиб, тайинлаб қўйганди.

Иброҳим йиғлаб тиловат қилди. Унга қўшилиб Ҳасан билан Тоҳир ҳам йиғлади. Сабаби, улар укаларининг бунчалик таъсирли тиловат қилишини эшитмаган эдилар. Кейин дуони ҳам Иброҳим қилди. Дуога онасини ҳам қўшди.

Улар қайтиб боришганида, таъзияга келганларнинг деярли ҳаммаси кетиб бўлишганди. Фақат қариндошлар ва Сайфулла эшон қолган эди. У шогирдини кутаётганди. «Ўзим бирга қолганимда бўларкан. Бекор бу ёққа келибман. Бу ерда мендан бошқа мулла ҳам бор эди. Маҳалла имоми бор. Шулар ўқиб ўтиришарди. Кичкинагина болачани қабристонда қолдириб келдим-а!» дея ўзига ўзи танбеҳ берарди… Иброҳимни кўрганидан кейин эса юзи ёришди.

Кечга бориб, Иброҳим яна ёлғиз қолди. Сайфулла эшон уни ўзи билан олиб кетолмади. Ака-укаларидан ийманди. «Мен билан кетсин», деёлмади.

Қуёш ботганидан кейин бирорта ҳам бўш уй қолмади. Иброҳим отаси билан ухлайдиган хона ҳам банд бўлди. Опалари шу ерга кириб олишди. Улар билан бирга қизлари ҳам киришди. Бошқалар эса ўзларининг уйларига кетишди. Иброҳимга ҳеч ким «юр», демади. Яхшики, қишлоқнинг одамлари бир лаган, бир коса қилиб овқат кўтариб кела бошладилар. Иброҳим ҳам ана шу овқатлардан еди. Кейин яна ҳам кечроққа бориб, ҳовлида унинг ёлғиз ўзи қолиб кетди. Қайси уйга кирарини, қайси уйда ётарини билмайди. У ёққа боради, бу ёққа боради. Чироқ шуъласи тушиб турган деразаларга умид билан тикилади. Лекин ҳеч ким деразани очиб, «ҳовлида юрмасдан, бу ёққа кир», демайди. Юриб-юриб чарчади. Сўнг сайисхонага бориб, эшакнинг эгарини олиб келди. Уни уй деворининг тубига қўйиб, эгарга ўтирди-да, деворга суянганча кўзларини юмди ва бирпасда ухлаб қолди.

Шу куни Иброҳимдан бошқа ҳамма фарзандларнинг тушларига бугун дафн қилинган Файзулла чол кирди. Ҳаммага ғазаб билан қаради.

«Бирортангдан ҳам рози эмасман! Сенлар менинг юзимни ерга қаратдинглар. Мен бола ўстирмаган эканман. Бир бало катта қилган эканман!»

Ота оппоқ чойшабга ўралиб олган эди. Кўзларидаги нафрат худди ўқдай учиб болаларига қадаларди. Ҳаммаси чўчиб уйғониб кетди. Аёллар қўрқиб қолишди. Эркаклар хотинларига ёпишди. Соҳиб жиянига тиқилиб олди. Бу пайтда тонг энди-энди отиб келаётганди.

Кўрган тушидан сўнг барибир ухлаёлмаган Ҳасан «эртароқ туриб, қозон осиш керак», дея акалари билан келишганини эслаб қолди. У биринчи бўлиб ташқарига чиқиши билан Иброҳимни кўрди.

— Ҳой, — дея укасини турткилади.

Иброҳим ҳали уйқуга тўймаган кўзларини зўрға очди.

— Нима қилиб, бу ерда ухлаяпсан? — деб сўради Ҳасан.

Иброҳим ҳали уйқуда эди, шу боис жавоб қайтаролмади. Яна кўзини юммоқчи бўлганида, Ҳасан тағин уни турткилади.

— Тез бўл, мен билан бирга юр, ўтин олиб келасан. Ўчоқнинг остига олов ёқиш керак!..

«Кечаси билан шу ерда ухладингми?! Биз бехабар қолибмиз, узр. Лекин сен ўзинг ҳам хоҳлаган уйга кириб ухлашинг мумкин эди-ку, нега кирмадинг?» демади. Иш буюрди.

Иброҳим эса уфққа қаради.

— Раҳмат, ака, ухлаб қолибман, ўтиб кетишига сал қолибди, — деди бирдан Иброҳим шошиб.

Унинг нега шундай деганини Ҳасан тушунмади.

Иброҳим эса дарров бориб таҳорат олди. Қуёш ҳали кўриниш бермасидан бомдод намозини ўқиб олди. Кейин ишларга шўнғиб кетди. Ҳа, аввал Ҳасан акасидан дакки эшитди. Чунки Ҳасан уни йўқотиб қўйди-да…

Бошқа акалар ҳам келишди. Аёллар ташқарига чиқишди. Столларга нон, қанд-қурс қўйилди… Иброҳимни эса уйқу элита бошлаган эди. У худди маст одамлардай юрарди. Ахир ўтирган ҳолда яхши ухлаёлмади. Бир неча марта уйғонди. Ҳатто эгарнинг устидан йиқилиб ҳам тушди. Шу тариқа у ором ололмаганди… Мана, ҳозир довдираб юрибди.

Акаларининг хотинлари ўзларининг болаларини овқатлантиришди. Опалари ҳам худди шундай қилишди. Бироқ тағин Иброҳим унутилди. У олдин акалари билан бирга ўчоқ бошида эди. Кейин уни бу ердан қувиб солишди. «Сен бизни шарманда қиласан. Уятга қўясан. Кўрган одам устимиздан кулиб кетади», дейишди. Буни айтишмаса-да, Иброҳимнинг ўзи ҳам жуда яхши биларди. Ўзи сал четроққа, одамларнинг кўзидан нарироққа бориб туришни истарди. Аммо акалари: «Сен нега бизга қарашмадинг?» деб қолишлари мумкин эди. Бундай олиб қараса, акаларининг Иброҳим тенги ва ҳаттоки ундан катта фарзандлари ҳам қўлларини совуқ сувга уришмаганди. Улар овқатланишди, кейин ўйин билан овора бўлишди.

Иброҳимни очлик қийнай бошлади. У нигоҳлари билан овқат қидирди. Ана ўчоқ, ана қозон. Ана, келган меҳмонларга овқат сузиб бериляпти. Лекин у ололмайди. Сўраёлмайди. У ердагиларнинг ўзлари билиб унга беришмайди.

Шу пайт Зоир акаси машинасида нон келтириб қолди. У новвойхонага кетганди. Сал кечикиб келди. Айтишича, нон кеч пишибди. Нонларни тушириб олиш ёш болаларга буюрилди. Шулар орасида Иброҳим ҳам бор эди. У шунақа хурсанд бўлдики, асти қўяверасиз. Умиди битта эди: «Нонларни тушириб бўлишимиз билан шартта биттасини қўйнимга соламан».

Унинг сўлаклари шунақа кўп ажралиб чиқдики, ҳатто оғзи тупукка тўлди. Чунки иссиқ нондан иштаҳани қитиқловчи ажойиб ҳид келарди.

Нонларни айвонга туширишди. Ишни тугатишлари билан Иброҳим битта нонни олди. Қўйнига тиқиб, сал нарироққа бориб ейишга сабри етмай, бир тишлади. Шоша-пиша еди. Сўнг яна ва яна… У нон ейиш билан овора бўлиб, ҳовлига чиқишни унутиб қўйди ва янгаси Мафтунанинг кириб келганини сезмай қолди.

— Бу очофатни қаранглар! — деди Мафтуна овозини баландлатиб. — Одамлардан уялмайдиям.

Иброҳим бирдан янгасига қаради. Оғзидаги оғзида, бўғзидаги бўғзида қолди. Юзи қизарди.

— Нега безрайиб турибсан? Сенга олиб келдими? Буларнинг бари меҳмонга! Сен еб тўймайсанми?!

— Янга…

— Нима янга?! Тур йўқол! Эй, тасқара, менга қара, ҳовлида юрма ҳаммани шарманда қилиб. Томорқага ўтиб, сайисхонада ўтир. Ўлиб қолмайсан!..

— Хўп, — деди Иброҳим бошини эгиб.

Аммо у дарров ташқарига чиқолмади. Чунки ҳовлига бир тўда хотин-халаж келди. Ув тортиш бошланиб кетди. Улар бир-бирларига улкан тоғ қулаганини айтиб йиғлашарди…

Иброҳим эшикка тескари ўгирилиб ўтириб олди ва ҳеч кимга кўрсатмай нон ея бошлади.

Ҳар тугул, келган хотинларнинг бари уйга киришди. Йиғи-сиғи овози энди уйдан эшитила бошлади.

У ташқарига чиқди-да, биров кўриб қолмасин, деган ҳадикда югуриб уйнинг орқа томонига ўтиб кетди. Шунда қип-қизил бўлиб пишган шафтолиларга нигоҳи тушди. Кўзлари чақнади. Тез-тез юриб шафтолининг ёнига борди. Олдин одамни ўзига маҳлиё қиладиган шафтолиларга термилди. «Онам иккаламиз эккандик. Отам кўчатини олиб келиб берганди. Мен ушлаб тургандим, онам раҳматли тубига тупроқ тортганди. Ўтган йили ҳам ҳосил берганди. Меваси зўр экан. Пиёладан катта. Мевасининг терисини шилиб есанг, биттасига тўясан, роса сувли. Онам раҳматли: «Ҳар еганингда мени эсла, болам», деганди», дея кўнглидан ўтказди Иброҳим ва шафтолининг остига ўтириб узоқ тиловат қилди. Сўнг дуога қўл кўтарди. Ана ундан кейин битта шафтолини шохидан узиб олиб, терисини шилди-да, энди оғзига солган ҳам эдики, акаси Соҳибнинг овози келди.

— Иброҳим, бу ёққа кел!

Иброҳим чўчиб тушди. Қўлидаги шафтолини нима қиларини билмай аланглади.

— Нима, ўғрилик қиляпсанми? — деб сўради Соҳиб.

— Йўқ, ака, ўзимизни-ку, — деди Иброҳим бошини эгиб.

— Сен сув берганмидинг ёки тагини чопганмидинг? Ўзингники бўлиб нима қилгандинг?!

— Мен, мен энам билан бирга эккандим, — деб жавоб қилди Иброҳим паст овозда.

— Ҳимм. Бўпти, қўлингдагини е, лекин бошқа олма. Уни Зоир акам бозорга олиб бориб сотаман, деган. Ўғрилик қилаётганингни кўриб қолса, уриб ўлдиради. Акам мениям олишимга рухсат бермайди… Мен сенинг олганингни айтмайман. Бунинг учун молларга емиш соласан. Анави, отамнинг эшаги кеча сувсиз қолган. Суғориб қўй, тушундингми?!

— Хўп, ака, — дея бошини қимирлатди Иброҳим.

Соҳиб шафтолининг ёнига келди, Иброҳим молларнинг ёнига кетди. У қаердан емиш олишни билади. Кейин эшакни суғорди. Эшак бечора боғлиқлик жойида кўзидан ёш оқизиб турган экан. Унинг олдига Иброҳим челакда сув қўйиши билан деярли кўзигача тумшуғини тиқди. Бир челак сув билан қаноатланмади. Иброҳим яна икки челак сув олиб келиб берди. У сув ичаётганида эшакка термилиб турар, отаси уни эшакка мингизганини эслар, падарини соғиниб ўпкаси тўларди.

Эшак сувга тўйганидан сўнг унинг олдига бир боғ ўт ташлади ва шу пайт бирдан Соҳибдан гап эшитди.

— Сен, тентак қўй, нима қиляпсан?! — дея бақирди Соҳиб шафтолининг тагида туриб.

Иброҳим чўчиб тушди. Акасига қаради.

— Мен кеча итдай ишлаганман! Сен ифлос маза қилиб юргансан! Бу ўтларни қанча машаққат билан йиққанимни биласанми?! Мол! Бир ишни сенга буюриб, одам барака топмайди.

Иброҳим кетма-кет ўзининг номига ёғилаётган бундай гаплардан довдираб қолди. Акасига нима деб жавоб беришни, қандай қилиб ўзини оқлашни билмас эди у. Соҳиб фақатгина гап билан қаноатланмади. Келиб, Иброҳимнинг бошига бир шапалоқ ҳам туширди.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: