Пахта қуллигидан озод бўлдик, энди пахта қўйиш қуллигидан ҳам озод бўлишимиз керак.

“Ўзбекистон-24” каналида уюштирилган бир суҳбатнинг бир парчаси тармоқларда айланиб юрибди. Академик айтади (мазмуни шундай): “Мактабларда 9 ойлик ўқишнинг 5 ойи пахта далаларида ўтарди. Мактабдан чаласавод бўлиб чиққан ўқувчилар олий ўқув юртига бир амаллаб кириб, битириб, ўша паст билим билан яна янги авлодларни тайёрларди”.
Энди инсоф билан айтинг, бундан 30 йил наридаги ўқитувчилар ростдан ҳам шунчалик саводсизмиди? Шахсан мен гадой топмас бир қишлоқда ўқидим. Биз 8-синфни тамомлаган йили Ўзбекистон мустақил бўлди. Совет мактабида 8 йил ўқидик. Ўша пахта қуллари – жафокаш ўқитувчилар бизга дарс ўтган. Тарихдан Пиримқул Қўзиев деган ўқитувчи дарс берганди. Биз у кишини тарихнинг отаси дердик. Жаҳон тарихини сув қилиб ичиб қўйганди. Ҳозир ёши тўқсонни қоралади, умри узоқ бўлсин! Турдали Арзиев деган физика ўқитувчиси бўларди (Аллоҳ раҳмат қилсин), номини эшитишимиз билан тиззамиз қалтирарди. Ҳар қандай физик олим билан юмалоқ стол атрофида ўтира оладиган салоҳияти бор эди. Она-тили ва адабиёт фанидан Мўмин Соатов деган устоз дарс ўтарди. Ҳар дарсда классик адабиётдан юзлаб сатрларни ёд айтарди. Бу рўйхатни узоқ давом эттиришим мумкин.
Ўша пайтдаги ўқитувчиларнинг фидоийлиги ва савияси олдида ҳамиша бош эгамиз. Чунки 60–80-йиллар орасида фавқулодда истеъдодли авлодлар етишиб чиқди. Эътибор қилинг, ҳар бир соҳанинг етук олимлари айнан шу йилларда етишган. Адабиётда ҳам, санъатда ҳам, иқтисодда ҳам шу ҳолат…
Пахта қуллигини ҳеч ким оқламайди. Аммо бу қулликнинг асоратини таълимда акс этган деб талқин қилиш нотўғри. Пахта қуллигидан озод бўлганимиздан кейин Ўзбекистонда илм гуллаб кетдими? Аҳволни кўриб турибмиз-ку!
Биз пахта қуллигидан озод бўлдик, энди пахта қўйиш қуллигидан ҳам озод бўлишимиз керак.
Алишер Назар.