Шамоллаш мавсуми: Мутахассис мавсумий респиратор касалликлардан ҳимояланиш бўйича муҳим тавсиялар берди

Шамоллаш мавсуми: Мутахассис мавсумий респиратор касалликлардан ҳимояланиш бўйича муҳим тавсиялар берди

🍃 Куз — сурункали ва мавсумий касалликлар авж оладиган давр. Айниқса, бу фасл грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларнинг тарқалиши учун қулай палла ҳисобланади. Натижада ушбу хасталикларга чалиниш йилнинг бошқа даврларига нисбатан бироз ортади.

❓Хўш, ҳозир мамлакатимизда ЎРВИ билан боғлиқ ҳолат қандай? Мазкур касалликлардан ҳимояланиш учун қайси тавсияларга амал қилиш лозим?

📌 Шу каби саволларга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков батафсил жавоб берди.

💬 — Бугунги кунда юртимизда ЎРВИ бўйича эпидемик вазият мунтазам назорат қилиб борилмоқда, — дейди мутахассис. — Ўтказилаётган вирусологик тадқиқотлар давомида Ўзбекистонда ўткир респиратор инфекциялар билан касалланиш кўрсаткичлари эпидемик бўсағадан 36,5 фоизга пастлиги кузатиляпти.

❗️Бу эса мамлакатимизда мавсумий респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ вазият барқарорлигини англатади.

📎 Таъкидлаш лозимки, ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган ўткир респиратор вирусли инфекциялар мавсумий характерга эга бўлиб, кузда ҳаво ҳароратининг пасайиши ЎРВИнинг тарқалиши учун қулай муҳит ҳисобланади.

🏢 Қолаверса, бундай иқлим шароитида хонадонлар ва ёпиқ бино-иншоотларда ҳаво алмашинуви камайиши ҳисобига атмосферада вируслар концентрацияси ошади.

🦠 Биламизки, респиратор хасталикларни келтириб чиқарадиган вирусларнинг турлари жуда кўп. Грипп, парагрипп, реновирус, аденовирус, ҳатто, коронавирус инфекциялари шулар жумласидан.

🤧 Ушбу турдаги касалликлар бир неча клиник белгилар билан намоён бўлади. Дастлаб бурун шиллиқ қаватида қичишиш, кейинчалик ҳид билиш қобилияти қисман пасайиши, аксириш, бурун оқиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, бош оғриғи кузатилади.

😮‍💨 Сўнгра томоқда ачишиш, қуриш, оғриқ, овоз бўғилиши ва қуруқ йўтал пайдо бўлиши мумкин. Касалликдан тузалиш босқичида балғам кўчиши, хасталикнинг юмшаши, йўтал чоғида оғриқлар пасайиши сингари ҳолатлар қайд этилади.

🟢Бундай вазиятда, энг аввало, беморлар жамоат жойларига чиқишдан, одамлар билан мулоқотдан имкон қадар ўзларини чеклашлари, ижтимоий масофа сақлашлари лозим.

😷 Айниқса, вирусга чалинган одамлар ва уларни парваришлаётган шахслар тиббий ниқобда бўлишлари тавсия этилади. Қолаверса, иммунитет мустаҳкамлигини таъминлаш учун мева-сабзавотлар, турли кўкатлар ва қайнатмалар истеъмол қилиши, кўпроқ суюқлик ичиши ҳамда мавсумга мос кийиниши лозим.

💉 Унутмаслик керакки, ЎРВИ – вирусли касаллик. Шу боис, уни антибиотик билан даволаш мумкин эмас. Афсуски, кўп ҳолларда ушбу хасталикка чалинган беморлар ўзбошимчалик билан турли дори-дармонларни шифокор рецептисиз қабул қилади. Бу эса нафақат самара бермайди, балки бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

‼️Шундай экан, ЎРВИ белгилари кузатилган юртдошларимиз фақат шифокор тавсияси асосида даво муолажаларини олишлари лозим.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: