Афғонистонда университет ўқитувчиларига смартфон ишлатиш тақиқланди

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати олий таълим муассасаларида навбатдаги чекловни жорий этди. Унга кўра, университет ўқитувчилари ва тўртинчи даражадан паст лавозимдаги ходимларга иш вақтида смартфон ишлатиш тақиқланади. Бу ҳақда Afghanistan International нашри мамлакат Олий таълим вазирлигининг расмий ҳужжатига таяниб хабар берди.
“Толибон” расмийлари телефондан фойдаланиш ишдан чалғитишини таъкидламоқда.
“Илм аҳли университет ичида смартфондан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас”, – дейилади “Толибон” Олий таълим вазирлигининг расмий баёнотида.
Шу сабабли университетлар ва коллежларда профессор-ўқитувчилар, шунингдек, тўртинчи даражадан паст бўлган маъмурий ходимларга иш вақтида телефон олиб кириш ва ундан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Бундан ташқари, тўртинчи даражадан юқори лавозимдагиларга ҳам смартфонлардан фойдаланишни аста-секин камайтириш тавсия этилган.