Биньямин Нетаньяху: Ғазодаги уруш тугаш арафасида

Биньямин Нетаньяху: Ғазодаги уруш тугаш арафасида

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху сешанба куни Ғазо секторидаги уруш тугаш арафасида эканини айтди.

Бу ҳақда Al Arabiya нашри хабар берди.

Шунингдек, у тинчликка эришиш учун баъзи вазифалар қолаётганини қўшимча қилди.

Нетаньяхунинг сўзларига кўра, “Ҳизбуллоҳ” ва ҳусийлар ҳам оғир зарбаларга учраган ва Исроил “Американи Эрондан ҳимоя қилмоқда”.

Айни вақтда Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида воситачилар ва ҲАМАС вакиллари ўртасидаги музокараларнинг биринчи раунди якунланди.

Миср матбуотининг хабар беришича, учрашувлар сешанба куни ҳам давом этади ва АҚШ Президенти Дональд Трамп таклиф қилган режага мувофиқ ўтказилади.

Музокаралар ҲАМАСнинг 2023 йил 7 октябрда Исроилга 1219 кишининг ҳалок бўлишига олиб келган ҳужумининг икки йиллиги фонида ўтказилмоқда. Шу билан бирга, жангарилар 251 кишини ўғирлаб кетишган, Исроил армиясининг маълумотларига кўра, улардан 47 нафари Ғазода қолмоқда, гаровга олинганларнинг 25 нафари ҳалок бўлган.

Бунга жавобан Исроил ҲАМАСга қарши қуруқликда, ҳавода ва денгизда кенг кўламли ҳарбий кампания бошлади. Икки йиллик жанглар давомида, Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари маълумотларига кўра, 67 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, ҳудуд инфратузилмаси катта зарар кўрган.

Мисрдаги музокаралар ўт очишни тўхтатишга эришиш ва можаронинг янада кучайишига йўл қўймаслик бўйича сўнгги уринишлардан бири сифатида кўрилмоқда, деб хабар берди report.az.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: