Лавров: Афғонистонда хорижий ҳарбий базаларга йўл қўйиб бўлмайди

Лавров: Афғонистонда хорижий ҳарбий базаларга йўл қўйиб бўлмайди

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг таъкидлашича, Афғонистон ва унинг қўшни давлатлари ҳудудида учинчи мамлакатлар ҳарбий инфратузилмасини жойлаштириш мутлақо мақбул эмас.

Бу ҳақда у Афғонистон бўйича Москва формати доирасидаги VII маслаҳатлашувлар йиғилишида маълум қилди:

«Афғонистон ва унинг қўшниларида учинчи мамлакатларнинг ҳарбий инфратузилмасини жойлаштиришга ҳеч қандай баҳона билан йўл қўйиб бўлмайди», — деди Лавров.

Унинг сўзларига кўра, ташқи кучларнинг ҳарбий иштирок этиши минтақа учун хатарли бўлиб, янги можароларга сабаб бўлиши мумкин. Афғонистон тарихи бир неча бор бунинг оқибатларини кўрсатган.

Лавров Афғонистон ҳукуматига террорчиликка қарши курашдаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди. Хусусан, «ДАИШ»нинг маҳаллий бўлимига қарши курашда юзлаб террористлар йўқ қилинганини таъкидлади.

Шунингдек, у афғон ҳукуматининг гиёҳванд моддаларга қарши курашидаги муваффақиятларини алоҳида қайд этди — 2022 йилдан буён опий макки етиштириш ва ишлаб чиқариш 90% га қисқарган.

Лавров, шунингдек, Ғарб давлатларини Афғонистонга нисбатан душманона сиёсатдан воз кечиб, ушбу мамлакатнинг музлатилган активларини қайтаришга ва уни тиклаш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга чақирди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: