Карим Баҳревни ҳам дарди ичида!..

ҚУВОНИШНИ ҲАМ БИЛМАЙСАН, ҚАЙҒУРИШНИ ҲАМ…
Қувонишни ҳам билмайсан, қайғуришни ҳам…
Аслида: “Ура таржимамиз нашриётдан чиқди!” – деб севинишимиз керак ва севинамиз ҳам. Лекин…
Жорж Оруэлнинг “1984” асари янги нашриётда энди лотин имлосида босилиб чиқибди. Уч ой олдин босишга рухсат этилган экан. Лекин бугунгача на шартнома имзоланди, на қалам ҳақи тўланди. Тираж босилиб, сотилиб ҳам кетибди. Яна ичига: “Ушбу китобнинг муаллифлик хукуки бизнинг корхонага тегишли булиб, рухсатимизсиз китобни электрон, аудио, видео ёки бошка хар кандай шаклда таркатиш Ўзбекистон Республикаси конунларига биноан такикланади”, – деб ёзиб қўйишибди. Ёзсам, шартнома имзолаймиз, ҳақ ҳам тўлаймиз дейишди. Эрталаб кириб шартнома чиқариб қўйинглар, ўқиймиз, шартлари мақбул бўлса, имзолаймиз деб кетдим, тушликка яқин келсам, йўқ. Икки соатча кутдим, шартнома қиладиган йигит чет элда, келади, имзолаймиз дейишяпти. Шартномалар стандарт, исталган компьютерда турибди, принтердан чиқарса, кифоя эди.
Лекин шу таржима ноширчилигида ғалати ишлар бўляпти. Бу Адлия вазирлигидаги интеллектуал мулк агентлиги эътибор қаратадиган ходиса. Таржима китобларининг аввал ортига, энди бошидан бир нарсани ёза бошлашди: “Ушбу китобнинг муаллифлик хукуки «Asaxiy Books» лойихасига тегишли бўлиб, «Asaxiy Books» рухсатисиз китобни электрон, аудио, видео ёки бошка ҳар қандай шаклда тарқатиш Ўзбекистон Республикаси конунларига биноан такикланади”.
Интеллектуал мулк ҳуқуқи ҳақидаги қатор китобларнинг муаллифи ўлароқ айтай, муаллифлик ҳуқуқи ижодкорга – шахсга тегишли бўлади ва ҳеч қачон юридик шахсга тегишли бўла олмайди. Асарнинг муаллифлик ҳуқуқи – муаллифга, таржима матнининг муаллифлик ҳуқуқи – таржимонга тегишлидир.
Муаллифлик ҳуқуқининг ўнта таркибий қисми бор – тўрттаси номулкий ҳуқуқ, олтитаси – мулкий ҳуқуқ. Асарга бўлган ҳуқуқ – муаллиф ҳуқуқидир, яъни “1984” Жорж Оруэлнинг асаридир. “Ўткан кунлар” Абдулла Қодирийнинг асаридир ва минг йилдан кейин ҳам Абдулла Қодирийникидир. Иккинчиси – номга бўлган ҳуқуқ, яъни Абдулла Қодирийнинг асари номи “Ўткан кунлар”дир, ҳеч ким уни “Кечаги кунлар”, “Мозий кунлари” деб таҳрир қила олмайди. Учинчи ҳуқуқ – асарнинг яхлитлигига бўлган ҳуқуқ, яъни ҳеч ким асардан бирор ерини олиб ташлаши ёки ўзидан қўшиши мумкин эмас, бунинг учун тирик бўлса, муаллифнинг розилиги керак, ўтган бўлса аслича чиқиши шарт. Агар таҳрир қилинса, асар муаллифлик ҳуқуқи таҳрирчига ўтиб қолмайди. Тўртинчиси асар ҳосилаларига бўлган ҳуқуқ – унинг асосида кино, спектакл, мультфильм ишланса ҳам асар муаллифи тилга олинади, тирик бўлса, рухсати олинади. Булар номоддий ҳуқуқларидир.
Авторлик ҳуқуқининг иккинчи қисми – тасарруфига оид, ундан китоб чиқарилганда қалам ҳақи олиш, рухсат олиш, бунга муаллиф шартнома асосида рухсат беради, бир мартагами, муайян муддатгами – уч йил беш йил, шартнома шартларида тиражи ҳам, муаллифнинг бошқа ноширларга муайян муддат бериш-берилмаслиги ҳам, қайта нашрлари ва ададлари қалам ҳақлари ҳам кўрсатилиши шарт.
Энди тасаввур қилинг – китоб таржимоннинг рухсатисиз, шартномасиз, қалам ҳақисиз етти-саккиз қайта нашр қилинса, бу қонунчиликнинг кескин бузилиши эмасми?!
Мурожаат қилсангиз: “Биз таржимани таҳрир қилганмиз ва ўз таҳриримиздаги матнга муаллифлик ҳуқуқимиз бор”, – дейишяпти. Аввал айтганимдай бу курраи заминда шу пайтгача таҳрир қилган таҳрирчига еки унинг фирмасига муаллифлик ҳуқуқи ўтиб кетгани фақат Ўзбекистонда бўлса керак! Демак газетада мақоланг чиқса, муаллифлик ҳуқуқи газетага ўтиб кетдими! Бир йил, икки йил Достоевскийни таржима қилган Иброҳим Ғофуровни китоби нашриётда чиқса, энди муаллифлик ҳуқуқи ноширларда бўладими таҳрир қилгани учун?!
Мен энди ўн йиллар бўйи ё умирбод асаримни электрон, аудио, видео ёки бошка хар кандай шаклда” чиқариш, тарқатиш ҳуқуқимни йўқотдимми?!
Бу саволни берсам, сиз таржимангизни исталган ерга биринчи кундан беришингиз мумкин, дейишяпти. Лекин агар берсангиз, биз асарни яна бошқа таржимонга бериб ё гул-таржимонга солиб, таҳрир қилиб янги таржимада чиқарамиз, деган пўписалар пайдо бўлди.
Шу ерда яна бир “ўзбекча муаллифлик ҳуқуқи феномени” пайдо бўляпти. Таржимон ҳам ҳар куни туғилавермаслиги, бу ҳам заковат меваси эканини инкор қилишяпти. Қодир Мирмуҳамедовнинг фарзандлари оталарининг асарига қалам ҳақи сўраса, агар рухсат бермасаларинг, бошқа таржимонга бериб қайта чиқарамиз дейишибди. Қодир ака Гомернинг “Илиада”си, Бокаччонинг “Декамерон”и, Булгаков романларини таржима қилган одам. Эртага бугун Достоевскийни уч йил таржима қилиб бир миллион сўм олдим деган Иброҳим Ғофуров ҳақ сўраса, ноширлар Достоевскийни гугл-таржимон вариантини “таҳрир” қилиб муаллифлик ҳуқуқини оладими?!
Менга ҳам шу каби пўписа бўлди: “Агар таржимангиз бошқа ерда чиқса, асарни бошқа таржимонга қилдириб чиқарамиз?! – деган. Шу ерда бир сирни айтай: масалан, Жорж Оруэлнинг “Молхона” асари аввал – ўн йиллар олдин ҳам таржима қилинган ва ўқувчиларга ҳавола этилган экан, лекин уни на адабиётшунослар, на жамоатчилик унчалик сезмади. Мен ҳам Молхона менинг таржимамда чиққанини илк бор деб ёзганимда, олдинги таржимон бу асарни “Ҳайвонлар фермасининг ажойиботлари” ном остида журналда босилганини айтди. Ҳақиқатдан кўрдим излаб… “1984” асарини ҳам мендан уч йил сўнг таржима қилиб, чиқариб кўришди. У ҳам оммалашмади, шекилли. Шунинг учун, нокамтарлик бўлса-да, айтаман: таржимон ҳам ноёб ҳодисадир. Бошқа таржимон қилса-ю, саксон-тўқсон фоиз сеникига ўхшаса, кўчирмакашликдир, унга жиноий жазо мавжуддир.
“1984”ни янги чиқарган ноширлар аввалги нашриётга ўхшамасин деб таржимани аввалги нашр билан солиштириб бироз “таҳрирлаган” бўлибди, яъни “кетди” деган сўзни – “жўнади”, “бувиси” деган сўзни – “момоси” қилиб чиқибди. Муайян таҳрир қилдик деб энди янги китобга ҳам “муаллифлик ҳуқуқи бизни фирмага тегишли, бошқа ҳеч ким чиқармасин” – деб ёза бошлашибди. Яъни мен таржимамдан нусха ҳам ололмайман, бошқа нашр ҳам эта олмас эканман.
Мен интеллектуал мулк ҳуқуқи агентлигидан бу ходисани шарҳлаб бир аниқлик киритишни сўраган бўлардим. Ноқонуний езув бўлса, олиб ташлансин.
Таржимон билан шартномасиз китоб, қайта нашрларини шартномада кўзда тутмасдан истаганча ўн йиллаб чиқаравериш ходисасига баҳо беришни, моддий ва маънавий томонларини ўйлаб кўришни сўраган бўлардим.
Қарасам, ҳамма нашрларда аллақачон (С) муаллифлик ҳуқуқи белгиси фақат фирмалар номи билан чоп этила бошлабди (суратлари ана). На муаллиф, на таржимон йўқ.
Агар ноширлар буюк асарларни таржимонларига ҳақ бермаслик учун кечаги талабаларга “қайта таржима” қилдириб, босаверса, Низом Комилов, Иброҳим Ғофуров, Шоир Усмонхўжаев ва бошқа бетакрор таржималаримизнинг мероси тақдири бўлиши номаълум.
Барибир ҳам, янги нашр барчамизга муборак бўлсин!
Карим Баҳрев