Туркияда эркин ишлаш ҳуқуқи энди фақат этник туркларга берилади

Туркияда эркин ишлаш ҳуқуқи энди фақат этник туркларга берилади

Туркияда янги қабул қилинган қарор жамоатчиликда турли талқинларга сабаб бўлди. Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон имзолаган фармон аввал хабар қилинганидек барча туркий давлатлар фуқароларига эмас, балки фақат турк келиб чиқишига эга чет эл фуқароларига тааллуқли экани аниқ бўлди.

Расмий маълумотларга кўра, ҳужжат “Турк келиб чиқишига эга чет эл фуқароларининг эркин касбий фаолияти ва Туркия давлат ҳамда хусусий муассасаларида ишга жойлашиши тўғрисида”ги қарорни қисман янгилайди. Энди фақат турк миллатига мансублиги исботланган шахсларгина Туркияда махсус рухсатсиз ишлаши мумкин бўлади.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси изоҳ беришича, мазкур қарор Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон фуқароларига татбиқ этилмайди. Улар учун Туркияда меҳнат фаолияти амалдаги қонунчилик асосида — иш визаси ва рухсатнома орқали амалга оширилади.

Мутахассислар таъкидлашича, бу қарор Туркиянинг ички меҳнат бозорини муҳофаза қилиш ва маҳаллий кадрларга устуворлик бериш мақсадида қабул қилинган. Шу билан бирга, келгусида туркий давлатлар билан меҳнат муносабатларини енгиллаштирувчи янги келишувлар ишлаб чиқилиши эҳтимолдан холи эмас.

Дўстларингизга ҳам юборинг: