ЖССТ Ҳиндистонда йўталга қарши заҳарли сироплар тарқалганидан огоҳлантирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ҳиндистонда шамоллаш ва йўталга қарши сифатсиз сироплар партиялари аниқлангани ҳақида огоҳлантирди.
Гап Sresan Pharmaceutical, Rednex Pharmaceuticals ва Shape Pharma томонидан ишлаб чиқарилган COLDRIF, Respifresh TR ва ReLife сиропларининг алоҳида партиялари ҳақида кетмоқда. Уларда диэтиленгликоль аралашмалари аниқланган. Унинг миқдори рухсат этилган меъёрдан деярли 500 баравар кўп бўлган
ЖССТ ушбу дорилар жиддий хавф туғдиришини ва оғир ва ўлимга олиб келадиган асоратларни келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлади. «Диэтиленгликоль ичилганда инсон организмига токсик таъсир кўрсатади ва ўлимга олиб келиши мумкин. Кўрсатилган дорилар хавфли бўлиб, уларни қабул қилиш, айниқса, болаларда, оғир заҳарланиш ёки ўлимга олиб келиши мумкин», — дейилади баёнотда.
Сироплар таркибидаги диэтиленгликоль миқдори ҳақида 8 октябрь куни Ҳиндистон дори воситалари стандартларига риоя этилишини назорат қилиш марказий ташкилоти (CDSCO) маълум қилганди. Бундан бир ҳафта олдин ЖССТ Ҳиндистонда ўткир касалликларнинг маҳаллий ўчоқлари ва болалар ўлими ҳолатлари аниқлангани ҳақидаги маълумотларга эътибор қаратган. CDSCO маълумотларига кўра, касалланган болалар айнан мана шу сифатсиз сиропларни қабул қилган.
CDSCO Ҳиндистон ҳукумати ушбу дориларни ишлаб чиқарадиган компанияларни зудлик билан ишлаб чиқаришни тўхтатишга буйруқ берганини ва уларга рўйхатдан ўтиш гувоҳномаларининг амал қилишини тўхтатганини тасдиқлаган.
Бугунги кунда Ҳиндистоннинг Мадхья-Прадеш ва Ражастхан штатларида ушбу сиропларни истеъмол қилган камида 20 нафар бола вафот этгани маълум. Мадхья-Прадешдаги ўлим ҳолатларининг аксарияти COLDRIF сиропи туфайли беш ёшгача бўлган болалар орасида содир бўлган, деб ёзди BBC News.
«CDSCO ЖССТга контаминацияланган препаратлар Ҳиндистондан ташқарига олиб чиқилмагани ва ҳозирда уларнинг мамлакатдан ноқонуний олиб чиқилиши аломатлари йўқлигини маълум қилди», — дейилади ЖССТ баёнотида.
Шунга қарамай, ташкилот бундай дори-дармонлар тартибга солинмаган савдо каналлари орқали бошқа мамлакатларга ўтиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди ва маҳсулот муомаласи устидан назоратни кучайтиришни тавсия қилди.