МИБ ноқонуний ишдан бўшатилган 508 нафар фуқаро ишга тикланди

МИБ ноқонуний ишдан бўшатилган 508 нафар фуқаро ишга тикланди

Мажбурий ижро бюроси томонидан 54,8 трлн. сўмлик ундирувлар амалга оширилди

Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов иштирокидаги брифингда маълум қилинди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган даврида Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан 54,8 триллион сўмлик ундирув амалга оширилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,4 триллион сўмга кўпдир. Ундирилган маблағларнинг 36,7 триллион сўми давлат фойдасига, 16,5 триллион сўми тадбиркорлик ва бошқа субъектлар фойдасига ҳамда 1,6 триллион сўмдан ортиғи эса фуқаролар манфаатлари йўлида йўналтирилди. Шунингдек, давлатнинг мажбурлов механизмидан фойдаланмаган ҳолда 2,2 триллион сўмлик ҳужжатлар ижроси ҳам таъминланди.

Брифингда ижтимоий йўналишдаги ижро ҳужжатлари бўйича ҳам муҳим натижалар қайд этилди. Хусусан, “Дафтарлар” билан боғлиқ жамғармаларга 1,3 триллион сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 222 миллиард сўм кўп маблағ йўналтирилди.

3 триллион сўм алимент маблағи ундирилган, 565 нафар фуқарога “Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан 30,5 миллиард сўм тўлаб берилган. Манзилли ишлар натижасида 21 мингдан ортиқ нафар фуқаролар ишга жойлаштирилган, 11,2 мингдан ортиқ оила яраштирилган.

Шунингдек, ноқонуний ишдан бўшатилган 508 нафар фуқаро ишга тикланиб, уларга 21,6 миллиард сўмлик иш ҳақи ундириб берилган.

Таъкидланганидек, Бюро фаолиятини рақамлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Бугунги кунда 36 та ижро ҳаракатининг 22 таси, шунингдек, қабул қилинган 68,7 миллион қарорлар инсон омилисиз автоматик тарзда амалга оширилмоқда.

Қарздор фуқароларга огоҳлантириш сифатида 79,3 млн.та “SMS – хабарнома”лар юборилиб, “Авторобот” томонидан 2,4 млн.та қўнғироқлар амалга оширилди.

Қарздорлик ҳақида ўз вақтида хабар берилиши натижасида 1,2 млн.та ижро ишлари ихтиёрий муддатда тамомланди, 1,8 миллионта автотранспорт воситаларига автоматик қидирув эълон қилинди.

Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали алиментга оид ижро ҳужжатлари бўйича 49 611 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 32 598 таси ҳал этилди.
Манзилли ишлар давомида, алимент ундируви билан боғлиқ мурожаатлар 7 526 тага, қарз ва зарар ундириш юзасидан йўлланган мурожаатлар 3 507 тага камайтирилди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: