Мадридда Пикассонинг картинаси йўқолиб қолди

Пабло Пикассонинг 1921 йилги “Гитара билан натюрморт” картинаси Мадриддан Гранадага кетаётганда ғойиб бўлди. Картина CajaGranada фондида намойиш этилиши керак эди, деб хабар берди Euronews.
Телеканал маълумотларига кўра, Пабло Пикассонинг 1921 йилда гуашда яратилган “Гитара билан натюрморт” картинаси 8 октябрда очилган CajaGranada фондида «Натюрморт. La eternidad de lo inerte» кўргазмада оммага тақдим этилиши керак эди. Бироқ ўлчами 12,7х9 сантиметр бўлган кичик иш ўз манзилига етиб бормади.
Картина Мадриддаги Пио XII шахсий қароргоҳидан санъат асарларини ташишга ихтисослашган компания томонидан олиб келинган. У 25 сентябрда кўргазмадаги бошқа расмлар билан бирга омборга қўйилди. Машҳур асар энди Гранадага етказилиши керак эди.
Кўргазма 2 октябрда очилди ва асарлар Гранада маданият марказига 3 октябрда соат 10:00 да етказилди. Ўша кечаси картиналар Дейфонтес шаҳрида бўлган. Полиция ходимлари рассомнинг асари шу ҳудудда ўғирланган бўлиши мумкинлигини тахмин қилдилар.
Миллий полициянинг тарихий мерос бригадаси 10 октябрда жамғарма томонидан берилган шикоятдан сўнг тергов бошлаган.
Полициянинг маълум қилишича, расмнинг қаердалиги ҳозирча номаълум ва ҳеч ким ҳибсга олинмаган.