Финляндия президенти Ўзбекистонга келяпти

Финляндия Республикаси Президенти Александр Стабб 2025 йил 30–31 октябр кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Бу ҳақда Финляндия президенти девони маълум қилди.
Қайд этилишича, президент Стабб 31 октябр, жума куни Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашади. Президентлар ўртасидаги суҳбатда Финляндия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, геосиёсат ва унинг Европа ва Марказий Осиё учун минтақавий оқибатлари, Россиянинг Украинадаги ноқонуний босқинчилик уруши ҳамда кўп томонлама тизимни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.
Ташриф давомида Стабб бизнес-семинарда ҳам қатнашади, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида маъруза ўқийди ва ташқи сиёсат бўйича экспертлар билан учрашади.
Финляндия етакчиси делегацияси таркибига парламент аъзоси, парламентнинг Ўзбекистон билан дўстлик гуруҳи раиси Вилле Скиннари киради. Бундан ташқари, Финляндия савдо ва саноат вакиллари Президент билан бирга саёҳат қилади.
Эслатиб ўтамиз, Финляндиянинг собиқ президенти Мауно Койвисто 1992 йилда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган.