Фарҳод постида ноқонуний валюта олиб ўтмоқчи бўлган гуруҳ фош этилди
Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона идоралари ходимлари Бекобод шаҳрида тезкор тадбир ўтказиб, чет элга ноқонуний чиқарилиши режалаштирилган катта миқдордаги валюта қимматликларини аниқлади. Ҳодиса “Фарҳод” чегара божхона пости яқинида фош этилди.
Тергов маълумотларига кўра, 1991 йилда туғилган бекободлик шахс 18 680 300 Россия рубли, 140 700 тожик сомони ва 180 000 000 ўзбек сўмини қисмларга бўлиб, 34 нафар “ташмачи”га тарқатган. Улар моддий манфаат эвазига ушбу пул маблағларини қўшни давлатга ўтказиб бериш учун божхона постларига кириб келганида ушланган.
Тезкор тадбир жараёнида ушбу шахснинг Tracker русумли автомобили текширилиб, унда ҳам ўрамларга ажратилган ҳолда катта миқдорда пул топилди. Автомобилдан аниқланган маблағлар қаторига 13 538 305 Россия рубли, 24 107 тожик сомони, 885 евро, 300 АҚШ доллари, 300 хитой юани, 6 840 қирғиз соми ҳамда 10 207 000 ўзбек сўми киради. Ушбу ашёвий далиллар расмийлаштирилди.
Тадбир натижасида миллий валютадаги умумий қиймати 5 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ бўлган пул маблағлари аниқланиб, терговга топширилди. Ҳозирда бекободлик фуқаро ЖКнинг 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбланиб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
