Чирчиқда 17 ёшли йигит Россиядан келган, гашиш солинган жўнатмани олаётганда ушланди
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида 17 ёшли мактаб ўқувчиси Россиядан ичида 852,2 грамм гашиш бўлган жўнатмани олаётган вақтда қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Божхона қўмитаси маълум қилди.
Мазкур тезкор тадбир Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги тузилмалари билан ҳамкорликда «халқаро назорат остида етказиб бериш» амалиёти доирасида ўтказилди.
Идора маълумотларига кўра, 2009 йилда туғилган вояга етмаган шахс Россиядан келган посилкани қабул қилиб олаётган пайтда ушланган.
Холислар иштирокида жўнатма очиб кўрилганда, гиёҳвандлик моддаси тўртта консерва қутиси ичига яширилгани аниқланди. Олинган гашишнинг умумий оғирлиги 852,2 граммни ташкил этди.
Кейинчалик ўсмирнинг яшаш жойи кўздан кечирилганда, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари электрон тарози, кичик зип-пакетлар ва изолента борлигини ҳам аниқлади. Божхона қўмитасининг таъкидлашича, ушбу буюмлар гиёҳвандлик моддаларини қадоқлаш ва тарқатишда ишлатилган бўлиши мумкин. Барча ашёлар далил сифатида олиб қўйилди.
Қўмитанинг билдиришича, мусодара қилинган гашиш миқдори 60 мингдан зиёд дозага тенг келади, унинг қора бозордаги қиймати эса қарийб 600 минг долларга баҳоланмоқда.
Божхона қўмитаси ота-оналарни фарзандлари ижтимоий тармоқларда кимлар билан мулоқот қилаётгани ва бўш вақтларини қандай ўтказаётганига янада эътиборли бўлишга чақирди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
