Трамп воситачилигида Таиланд ва Камбоджа ўртасида сулҳ тузилди
Жануби-Шарқий Осиёда бир неча ой давом этган ҳарбий кескинлик якун топди. Таиланд бош вазири Анутҳин Чанвиракун ва Камбоджа ҳукумати раҳбари Кҳун Манет АҚШ президенти Доналд Трамп иштирокида тинчлик шартномасини имзоладилар, деб хабар берди Thmey Thmey.
Имзолаш маросими Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда бўлиб ўтган Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (ASEAN) саммити доирасида амалга ошди. Ушбу келишув минтақада барқарорликни тиклаш ва икки қўшни мамлакат ўртасидаги узоқ йиллик тортишувларга нуқта қўйишни кўзда тутади.
Маросимда сўзга чиққан АҚШ президенти Доналд Трамп тинчлик келишувини “Жануби-Шарқий Осиёдаги барқарорлик сари катта қадам” деб атади. У, шунингдек, Камбоджада ҳибсда бўлган 18 нафар ҳарбий асир озод этилганини эълон қилди.
«Тинчлик барқарор бўлиши учун халқаро назорат муҳим. Шу боис Малайзия ва бошқа Осиё мамлакатларидан махсус кузатувчилар жойлаштирилади», — деди Трамп ўз нутқида.
Маълумот учун, Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги чегара можароси 2025 йил май ойининг охирида авж олган эди. Бир неча ҳафта давом этган қуролли тўқнашувларда ҳар икки мамлакат артиллерия ва ҳаво ҳужумларидан фойдаланган, тинч аҳоли орасида ҳам қурбонлар бўлган.
Июл ойига келиб, ҳарбий ҳаракатлар кучайгани сабаб халқаро ҳамжамият аралашувига эҳтиёж туғилди. АҚШ, Хитой ва Малайзия давлатлари воситачилигида олиб борилган музокаралар натижасида томонлар аввал сулҳ, сўнг эса тўлиқ тинчлик шартномасига келишди.
Таҳлилчилар фикрича, мазкур келишув нафақат икки давлат, балки бутун минтақанинг геосиёсий барқарорлиги учун муҳим аҳамият касб этади. Бу келишув иқтисодий ҳамкорлик ва чегара хавфсизлигини мустаҳкамлашда янги босқични бошлаши кутилмоқда.
