Трамп Украинага Tomahawk узоқ масофали ракеталари юборилишини рад этди
АҚШ президенти бу ҳақда 2 ноябр куни Air Force One бортида журналистлар билан бўлган суҳбатда маълум қилди.
Журналиснинг «Сиз Киевга Tomahawk узоқ масофали қанотли ракеталарини бериш имкониятини кўриб чиқаяпсизми?» деган саволига Доналд Трамп «Йўқ, бундай эмас», деб жавоб берди.
«Иккала томон ҳам жанг қилмоқда. Вазият оғир, лекин баъзан курашни давом эттириш керак», — дея қўшимча қилди АҚШ президенти.
Аввалроқ CNN АҚШ ва Европа мамлакатларидаги манбаларига таяниб, Пентагон Украинага Tomahawk ракеталарини топшириш имкониятига рози бўлганини, бироқ бу борадаги якуний сиёсий қарор президент Доналд Трамп томонидан қабул қилиниши ҳақида хабар қилганди.
