Теsla инвесторлари Илон Маскка деярли бир триллион долларлик мукофот пули бермоқчи
Теsla инвесторлари Илон Маскка деярли бир триллион долларлик мукофот пули беришни маъқуллади, у тарихдаги илк триллионер бўлиши мумкин, деб ёзмоқда Bloomberg
Агентликнинг хабар беришича, Теsla акциядорларининг 75 фоизи Илон Маск учун деярли бир триллион долларлик компенсация пакетини қўллаб-қувватлаган. Бу АҚШ тарихида компания раҳбарига бериладиган энг йирик тўлов бўлади.
«Маск бу пулларни олиши учун 10 йил ичида Tesla’нинг бозор қийматини ҳозирги 1,4 триллион доллардан 8,5 триллион долларга ошириши, шунингдек, бир миллионта Robotaxi автоном автомобилларини ва Optimus роботларини тижорий фойдаланишга жорий этиши керак», дея ёзмоқда Bloomberg.
«Бу Теsla тарихида шунчаки янги боб эмас, бутунлай янги китоб бўлади», — деди Маск акциядорлар йиғилишида.
Компания учун бу овоз бериш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эди, аввалроқ Маск, агар компанияда кўпроқ назорат ҳуқуқига эга бўлмаса, раҳбарлик лавозимини тарк этиши ёки бошқа компанияларига кўпроқ вақт ажратишини айтган эди.
Баъзи инвесторлар бу қарорни танқид қилди, бироқ Тесла директорлар кенгаши «агар келишув маъқулланмаса, Маск компанияни тарк этиши мумкин, уни йўқотиш — катта хато бўлади», деган қарорга келди.
