iPhone’ларда сунъий йўлдош орқали хабар юбориш имконияти пайдо бўлади
Bloomberg хабарича, Apple яқин йилларда iPhone қурилмаларида сунъий йўлдош орқали алоқа функцияларини сезиларли даражада кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу технология алоқа тармоғи ёки Wi-Fi мавжуд бўлмаган ҳудудларда ҳам фойдаланувчиларга кенг имконият яратади.
Янги янгиликларга кўра, фойдаланувчилар мобил алоқа ёки Wi-Fi бўлмаган ҳолатда ҳам “Maps” иловасидан навигация сифатида фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, сунъий йўлдош орқали матнли ва расмли хабарлар юбориш функцияси жорий этилади. Алоқанинг бинолар ичида ҳам барқарор ишлаши учун янги технология ечимлари киритилмоқда.
Келгуси iPhone моделлари 5G NTN (Non-Terrestrial Network) технологиясини қўллаб-қувватлайди. Бу тизим мобил операторлар қамровини сунъий йўлдошлар орқали кенгайтиради ва натижада чекка ёки тоғли ҳудудларда ҳам алоқа барқарор бўлади. Шунингдек, мазкур технология фавқулодда вазиятларда алоқанинг узилиб қолишини олдини олиш имконини беради.
Apple компанияси сунъий йўлдош APIсини учинчи томон дастурчиларига ҳам тақдим этишни режалаштирмоқда. Бу орқали фавқулодда ҳолатлар, навигация, экспедиция, логистика ва қутқарув хизматлари учун мўлжалланган иловалар сунъий йўлдош орқали мустақил ишлай олади.
Appleнинг стратегик мақсади — сунъий йўлдош алоқаси орқали iPhone қурилмаларини глобал алоқа тармоғига айлантиришдир. Компания бу орқали iPhone’ни интернетдан узилган жойларда ҳам ишлай оладиган универсал қурилмага айлантиришни мақсад қилган.
