Клопп «Ливерпул» инқирозига изоҳ берди: Ҳозир фақат сабр қилиш керак
Англия Премьер-лигасида (АПЛ) «Ливерпул» жамоаси оғир дамларни бошдан кечирмоқда. Мерсисайдликлар кеча, 22 ноябр куни «Ноттингем Форест»га қарши ўйинда 0:3 ҳисобида йирик мағлубиятга учради. 12 тур якунида бу уларнинг олтинчи муваффақиятсизлиги ҳисобланади.
«Қизиллар»нинг афсонавий собиқ устози Юрген Клопп юзага келган инқирозли вазият ҳақида ўз муносабатини билдирди. У жамоага ва мухлисларга ваҳимага тушмаслик ва хотиржамликни сақлашни маслаҳат берди.
«Масала шундаки, Арне [Слот] жамоадан максимал натижа олишга ҳаракат қилаяпти. Ҳар қандай ўзгариш таъсир қилади ва бунга вақт керак бўлади. Таркибга янги ўйинчилар жалб қилинган, улар ҳақиқатан ҳам яхши футболчилар. Фақат ҳозир бу инқирозни йўқотиш учун ҳеч нарса ҳал қилинмаган, осон ечимнинг ўзи йўқ», – деди Клопп.
Клоппнинг таъкидлашича, жамоага кўп сонли янги футболчилар қўшилган. Уларга ўзаро келишиш ва ўз салоҳиятини тўлақонли намойиш этиш учун етарлича мослашиш даври зарур. Шу сабабли шошилинч хулосалар чиқармасдан, мураббийлар штабига ишлаш учун имконият бериш лозим.
Маълумот учун: Юрген Клопп 2015 йилдан 2024 йилгача тўққиз йил давомида «Ливерпул»ни муваффақиятли бошқарган. Унинг даврида жамоа Англия чемпиони ва УEФА Чемпионлар Лигаси каби нуфузли совринларни қўлга киритган.
