АҚШ ва Исроил Эронга қарши янги ҳарбий зарбалар бериш режасини ишлаб чиқмоқда

АҚШ ва Исроил Эронга қарши янги ҳарбий зарбалар бериш режасини ишлаб чиқмоқда

The New York Times манбаларига кўра, ҳужумлар 3 ноябрга белгиланган АҚШ Конгрессига оралиқ сайловлардан сўнг қайта тикланиши кўзда тутилган.

Маълум қилинишича, октябр ойи ўрталарида АҚШ уруш вазири Пит Ҳегсет Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашган. Улар Эронга қарши фаол ҳарбий кампанияни қайта бошлаш масаласини муҳокама қилган.

«Янги зарбалар Эроннинг энергетика инфратузилмаси, ядро объектлари ҳамда ракеталар ва дронлар сақланадиган омборларига қаратилиши кутилмоқда. АҚШ расмийларининг баъзилари янги зарбалар серияси Эрон иқтисодиётини ҳалокат ёқасига олиб келишига ва мамлакат раҳбариятини дипломатик ён беришга мажбур қилишига ишонмоқда», деб ёзмоқда нашр.

Таҳлилчиларининг таъкидлашича, Эронга берилган аввалги зарбалар кўзланган мақсадларга эришишга ёрдам бермади. Аксинча, улар бутун дунё бўйлаб энергия ресурслари нархининг кескин ошишига ва Яқин Шарқдаги вазиятнинг беқарорлашувига олиб келди. Шунингдек, бу ҳаракатлар АҚШ ракета захираларининг камайишига ҳам сабаб бўлди.

Нетаняҳу Эронга янги зарбалар беришга аллақачон тайёр бўлган. Манбаларнинг билдиришича, Исроил бомбардимонларни 10 октябр куни қайта бошлашни режалаштирган эди. Аммо Трамп АҚШ Конгрессига ўтказиладиган оралиқ сайловлар олдидан Эрон билан урушнинг кескинлашишини истамаган.

Қўшма Штатлардаги оралиқ сайловларда Трампнинг Республикачилар партияси Конгресснинг ҳам қуйи, ҳам юқори палатасидаги баъзи ўринларни бой бериш хавфи остида турибди. Мутахассислар республикачилар рейтингининг пасайиши сабабларидан бири сифатида феврал ойининг охиридан бери давом этаётган Эрон билан урушни кўрсатмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: