Денов туманидаги бир қатор ёпиқ муассасаларда ўтказилган мониторинг ташрифларида камчиликлар аниқланди — Омбудсман
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили Денов туманидаги ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона, 41-сон манзил-колонияси, 2-сон руҳий–асаб касалликлари шифохонаси ҳамда Денов ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар “Мурувват” интернат уйига мониторинг ташрифларини амалга оширди.
Мониторинг ташрифларида муассасалардаги ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхона, тиббиёт бўлими, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситаларини сақлаш жойлари, кутубхона, спорт зал, тўгараклар хонаси, маданий дам олиш, телефон орқали сўзлашув, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, тинтув хонаси, сайилгоҳ, тергов ва адвокатлар хоналаридаги шароитлар ҳамда муассасаларга ўрнатилган ҳудудлардаги видеoкузатув камералари ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганиш жараёнларида айрим камчиликлар ҳам аниқланди. Жумладан, ВСҲига сунъий шамоллатиш тизими ўрнатилган бўлса-да, электр генератор йўқлиги сабабли ишламаслиги, камераларда керакли жихозлар етишмаслиги, радиоэшиттириш воситаси ўрнатилмаганлиги аниқланди.
2-сон руҳий-асаб касалликлари шифохонасида Омбудсман минтақавий вакили тавсиясига кўра ювиниш хоналари қайта таъмирлангани қайд этилди. Шифохона 200 ўринга мўлжалланган бўлса-да ҳозирда 238 нафар даволанаётгани аниқланди. Лекин, аутсорсинг хизматини кўрсатувчи тадбиркорга 200 нафар бемор учун буюртма берилган. Қолаверса, ҳар бир бемор учун кунлик гўшт маҳсулоти нормаси 120 граммни ташкил этиб, 200 нафар беморга 24 кг гўшт ажратилиши лозим бўлсада, амалда 14 кг гўшт билан таом тайёрланаётганлиги аниқланди.
41-сон манзил-колониясида Омбудсман минтақавий вакил томонидан сайёр қабул ўтказилиб, 10 нафарга яқин маҳкум ва маҳкумалар мурожаатлари қабул қилинди.
Мониторинг натижалари юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилиши таъминланади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати
