Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги рақиблари маълум бўлди
АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичига қуръа ташланди.
Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси К гуруҳидан жой олди. Унга Португалия, Колумбия ва саралашдаги яна бир жамоа (Конго Демократик Республикаси/Ямайка/Янги Каледония) рақиблик қилади.
2026 йилги жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтказилади. Бу сафарги турнирда илк бор 48 жамоа иштирок этади.
