Россияда машҳур Лабубу ўйинчоқларидан хавфли модда топилди — болалар саломатлиги хавф остида!

Россияда машҳур Лабубу ўйинчоқларидан хавфли модда топилди — болалар саломатлиги хавф остида!

Россияда машҳур Лабубу ўйинчоқлари бўйича ўтказилган текширув ташвишли натижаларни кўрсатди. “Роскачество” мутахассислари сифат ва хавфсизлик талабларига мувофиқ ўйинчоқларни синовдан ўтказиб, 13 та намунанинг бирида соғлиқ учун хавфли модда — диоктилфталат меъёрдан юқори эканини аниқлади.

Текширув жараёнида маҳсулот 53 та кўрсаткич бўйича баҳоланди:

— мато ва тикув сифати,

— ёрлиқдаги маълумотлар,

— токсикологик ва гигиеник хавфсизлик индикаторлари,

— умумий заҳарлилик даражаси.

Натижада ўйинчоқ таркибида бўлиши мумкин бўлган диоктилфталатнинг рухсат этилган даражаси 2 мг/литр бўлса, аниқланган қиймат 2,9 мг/литр ни ташкил этди.

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, бу модда:

– гормонлар балансини бузиши,

– болалар ва ҳомиладор аёллар учун хавф туғдириши,

– репродуктив саломатликка зарар етказиши,

– хулқ-атвор ва неврологик муаммоларни кучайтириши,

– узоқ муддатда жигар ва буйрак фаолиятига зарар етказиши мумкин.

Шунингдек, диоктилфталат терида қичишиш, аллергия каби нохуш ҳолатларга ҳам сабаб бўлиши эҳтимоли бор.

Ҳозирда мутасадди органлар Лабубу ўйинчоқлари бўйича қўшимча текширувлар бошлаган. Ота-оналарга эса ушбу маҳсулотни харид қилишда эҳтиёт бўлиш тавсия этилди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: