Покистон–Толибон ўртасида таранглик кучайди

Покистон–Толибон ўртасида таранглик кучайди

Покистон ва Афғонистоннинг Толибон кучлари ўртасида Спин Болдак чегара ҳудудида яна кескин тўқнашувлар юз берди. Ҳар икки томон сулҳ бузилишида бир-бирини айбламоқда. Кечаси давом этган жанглар туфайли чегара яқинида яшовчи кўплаб аҳоли хавфсизлик мақсадида уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Қандаҳор вилоятидан келган дастлабки маълумотларга кўра, тўрт нафар афғон фуқароси ҳалок бўлган. Покистон эса уч киши яраланганини билдирган. Ҳозирча отишмалар тўхтаган бўлса-да, ҳудудда вазият барқарорлашгани йўқ — аҳоли яна жанглар қайта бошланишидан хавотирда.

Покистон ҳукумати Толибонни ўқ узишда айблаб, бунга муносиб жавоб берилганини таъкидлади. Толибон эса ўз ҳудуди хавфсизлигини таъминлаш учун жавоб чораларини кўрганини билдирмоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда одамларнинг пиёда ёки машиналарда шошилинч равишда ҳудудни тарк этаётгани акс этган.

Бу тўқнашувлар икки ой илгари Қатар ва Туркия воситачилигида эришилган сулҳдан кейин яна кескинликнинг кучайганини кўрсатмоқда. Ўша пайтда томонлар музокаралар давомида сулҳни сақлашга рози бўлганди, бироқ тўлиқ тинчликка эришиш имкони бўлмаган. Сўнгги воқеалар эса чегара ҳудудида вазият ҳали ҳам ниҳоятда беқарор эканини яна бир бор намоён этди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: