Норвегия ва Россия ўртасида вазият қандай?
Норвегия Россия томонидан эҳтимолий ҳужум юз берган тақдирда тинч аҳолини эвакуация қилиш режасини ишлаб чиқмоқда.
Бу ҳақда Норвегия Фуқаро муҳофазаси бошқармаси раҳбари Элизабет Орсэтер VG нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг айтишича, бу ишлар Қуролли кучлар ва полиция билан яқин ҳамкорликда олиб борилмоқда. Ҳозирда хавф дарвжаси юқори бўлган ҳудудлар баҳоланмоқда.
«Булар Россияга географик жиҳатдан яқин жойлашган ҳудудлар, шунингдек, ҳарбий объектлар жойлашган жойлардир», — деди Орсэтер.
Аллақачон Норвегиянинг шимолидаги Финнмарк вилоятида ҳарбий эвакуацияни режалаштириш бўйича учрашувлар ўтказилган. Шунингдек, Тромсё ва Сер-Варангер муниципалитетлари раҳбарияти ҳам бундай чоралар зарурлигини билдирган. Режани ишлаб чиқишда Норвегия Россиянинг Украинага бостириб кириши тажрибасидан келиб чиқмоқда. Хусусан, агрессор томонидан энергетика инфратузилмасига зарбалар бериш эҳтимоли юқори эканлиги инобатга олинмоқда.
