ЕЧЛ. “Барселона” ва “Ливерпул”дан ишончли ғалаба, мадридликларда дуранг, турклар ва озарлар бўш келмади (Ўйинлар видеошарҳи)
УЕФА Чемпионлар Лигаси 7-туридан ўрин олган тўққизта учрашув якунига етди.
Куннинг дастлабки учрашуви Озарбайжоннинг Баку шаҳрида жойлашган “Тофик Баҳромов” стадионида “Қорабоғ” ҳамда Германиянинг “Айнтрахт” клублари ўртасида кечди. Ўйинда “Қорабоғ” 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўйиндаги ҳисоб 4-дақиқада “Қорабоғ” футболчиси Камило Дюран томонидан очилди. 10-дақиқада Чан Узун мувозанатни тиклади. 78-дақиқада Фарес Чаиби пенальтидан гол киритиб германияликларни ҳиосбда олдинга олиб чиқди. 80-дақиқада Дюран ҳисобни тенглаштирди. 90+4-дақиқада Баҳлул Мустафозода “Қорабоғ”нинг ғалаба голини киритди.
Ушбу натижадан сўнг “Қорабоғ” 10 очко билан турнир жадвалида 18-ўринни эгаллаб турибди, “Айнтрахт” эса 4 очко билан 33-поғонада қолди.
“Қорабоғ” — “Айнтрахт” 3:2
Голлар: 1:0 — Дюран (4), 1:1 — Узун (10), 1:2 — Фарес (78), 2:2 — Дюран (80), 3:2 — Мустафозода (90+4).
Туркия пойтахти Истанбул шаҳридаги “Рамс Парк” стадионида ўтган ўйинда “Галатасарой” “Атлетико Мадрид” билан дуранг қайд этди.
Учрашувдаги ҳисоб 4-дақиқада Жулиано Симеоне томонидан очилди. 20-дақиқада Маркус Льорентенинг автоголи билан ҳисоб тенглашди. Мазкур натижа ўйин якунига қадар ўзгармади.
Шу тариқа, “Атлетико” УЕФА Чемпионлар Лигаси жорий мавсумидаги очколари сонини 13 тага етказиб, турнир жадвалида 11-ўринни эгаллаб турибди. “Галатасарой” эса 10 очко билан 17-ўринга жойлашди.
“Галатасарой” — “Атлетико Мадрид” 1:1
Голлар: 0:1 — Симеоне (4), 1:1 — Льоренте (автогол, 20).
УЕФА Чемпионлар Лигаси 7-туридан ўрин олган навбатдаги баҳсда “Барселона” Чехиянинг “Славия” жамоасига қарши баҳс олиб борди. Прага шаҳридаги “Fortuna Арена” стадионида ўтган учрашувда “кўк-анорранглилар” 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
10-дақиқада “Славия” футболчиси Василий Кусеж жарима зарбасидан ҳисобни очди. “Барселона” ярим ҳимоячиси Фермин Лопес 34 ва 42-дақиқада гол уриб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. 44-дақиқада Роберт Левандовскининг автоголидан кейин мувозанат тикланди.
Иккинчи бўлимда Каталония жамоаси ҳужумлар сонини оширди ва 63-дақиқада Дани Ольмо, 71-дақиқада Левандовски гол киритиб учрашувда “Барселона”нинг ғалабасини таъминлади.
Ушбу натижадан сўнг “Барселона” 13 очко билан Чемпионлар Лигаси турнир жадвалида 9-ўринга кўтарилди. “Славия” эса 3 очко билан 34-поғонада жойлашган.
“Славия” — “Барселона” 2:4
Голлар: 1:0 — Кусеж (10), 1:1 — Фермин (34), 1:2 — Фермин (42), 2:2 — Левандовски (автогол, 44), 2:3 — Ольмо (63), 2:4 — Левандовски (71).
Навбатдаги учрашувда Германиянинг “Бавария” клуби ўз майдонида Бельгиянинг “Юнион” жамоасини қабул қилди. “Аллианс Арена” стадионида ўтган баҳсда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўйиндаги голларга 52 ва 55-дақиқада Мюнхен клуби ҳужумчиси Ҳарри Кейн муаллифлик қилди. 63-дақиқада “Бавария” ҳимоячиси Ким Мин Же қизил карточка олиб майдонни тарк этди. Мазкур ҳисоб баҳс якунига қадар ўзгармади. Дубль қайд этган Ҳарри Кейн 7 та гол билан тўпурарлар пойгасида 2-ўринни эгаллаб турибди.
Ушбу ғалабадан сўнг “Бавария” 18 очко билан турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилди ва муддатидан аввал 1/8 финал йўлланмасини қўлга киритди. “Юнион” эса 6 очко билан 31-поғонага тушди.
“Бавария” — “Юнион” 2:0
Голлар: 1:0 — Кейн (52), 2:0 — Кейн (55).
Англиянинг “Ливерпуль” клуби сафарда Франциянинг “Марсель” жамоаси билан ўйин ўтказди. “Велодром” стадионида ўтган учрашувда меҳмонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ҳисоб ўйиннинг 45+1-дақиқасида очилди. “Ливерпуль” футболчиси Доминик Собослаи жарима зарбасидан сўнг рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг ўйиндаги илк голига муаллифлик қилди. 72-дақиқада Жереми Фримпонгнинг зарбаси “Марсель” дарвозабони — Жеронимо Руллига тегиб, дарвозадан жой олди. Ушбу вазият Руллининг автоголи сифатида ёзилди.
Сафардаги учрашувда ғалабага эришган “Ливерпуль” 15 очко билан Чемпионлар Лигаси турнир жадвалида 4-ўринга кўтарилди. “Марсель” эса 9 очко билан 19-поғонада жойлашган.
“Марсель” — “Ливерпуль” 0:2
Голлар: 0:1 — Собослаи (45+1), 0:2 — Рулли (автогол, 72).
УЕФА Чемпионлар Лигаси 7-туридаги навбатдаги учрашувда Италиянинг “Ювентус” клуби ўз майдонида Португалиянинг “Бенфика” жамоасини қабул қилиб, 2:0 ҳисобида зафар қучди.
Ўйиннинг 55-дақиқасида “Ювентус” футболчиси Кефрен Тюрам ҳисобни очди. 64-дақиқада эса Уэстон Маккенни жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилди. Мазкур ҳисоб ўйин якунига қадар ўзгармади.
Ушбу ғалабадан сўнг “Ювентус” 12 очко билан Чемпионлар Лигаси турнир жадвалида 15-поғонага кўтарилди. “Бенфика” эса 6 очко билан 29-ўринни эгаллаб турибди.
“Ювентус” — “Бенфика” 2:0
Голлар: 1:0 — Тюрам (55), 2:0 — Маккенни (64).
Шунингдек, Англиянинг “Ньюкасл” жамоаси ўз майдонида Ёан Висса (8-дақиқа), Энтони Гордон (30-дақиқа) ва Ҳарви Барнс (65-дақиқа) томонидан киритилган голлар эвазига Нидерландиянинг “ПСВ” клубидан 3:0 ҳисобида устун келди. “Ньюкасл” очколари сонини 13 тага етказган ҳолда 7-ўринга кўтарилди. “ПСВ” эса 8 очко билан 22-поғонада бормоқда.
Англиянинг “Челси” клуби ўз майдонида Мойзес Кайседонинг 78-дақиқада киритган голи билан Кипрнинг “Пафос” жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу ғалаба эвазига “аристократлар” 13 очко билан 8-ўринни эгаллаб турибди. “Пафос” эса 6 очко жамғарган ҳолда 30-ўринда жойлашган.
Куннинг сўнгги баҳси Италиянинг Бергамо шаҳрида “Аталанта” ва Испаниянинг “Атлетик Бильбао” клублари ўртасида кечди. Учрашув 3:2 ҳисобида билбаоликларнинг ғалабаси билан якунланди. “Атлетик” футболчилари — Горка Гурусета (58-дақиқа), Нико Серрано (70-дақиқа) ва Роберт Наварронинг (74-дақиқа) голларига “Аталанта”дан Жанлука Скамакка (16-дақиқа) ва Никола Кристович (88-дақиқа) жавоб қайтарди. Ушбу ўйиндаги ғалаба эвазига очколари сонини 8 тага етказиб олган Бильбао жамоаси 23-ўринга кўтарилиб олди. Бергамоликлар эса 13 очко билан 13-поғонада қайд этилган.
Маълумот учун, 2025/2026 йилги УЕФА Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг сўнгги 8-туридан ўрин олган барча учрашувлар 28 январдан 29 январга ўтар кечаси Тошкент вақти билан соат 01:00 да старт олади.
Турнир жадвалида 1–8-ўринларни эгаллаган жамоалар тўғридан-тўғри 1/8 финал босқичига йўл олади. 9–24-ўриндаги жамоалар эса қуръа асосида плей-офф босқичида иштирок этади. Ўйинлар уй-сафар тизимида ўтказилади. 8 та ғолиб жамоа кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритади. Шундан сўнг 1/8 финалнинг барча 16 та жамоаси олдиндан ташланган қуръа натижаларига кўра чемпионлик учун курашни давом эттиради.
