Тошкент пропискаси шармандали тизим эди…

Тошкент пропискаси шармандали тизим эди…

Тошкент шаҳрида узоқ йиллар амалда бўлган прописка тизими шармандали эди. Бу ҳақда Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев YouTube’даги “Юзма юз” лойиҳасига берган интервьюсида фикр билдирди.

Содиқ Сафоев бир мамлакатда туғилган инсонлар бюрократик тўсиқлар сабаб пойтахтда яшай олмагани нотўғри бўлганини таъкидлади.

“Давлат раҳбарининг инсон ҳуқуқларини ўйлаган ҳолда олиб борган сиёсати илгариги шармандали прописка тизимини йўқ қилишга олиб келди. Бу энди нима деган гап? Шу ватаннинг фарзанди бўла туриб, инсонлар келиб, Тошкент шаҳрида ўз хоҳиши билан яшай олмаган. Бу тақиқланган, уларга иш берилмаган, рўйхатдан ҳам ўтказилмаган”, деди сенатор.

Маълумот учун, 30 йил давомида Тошкентда доимий прописка олиш ҳуқуқи қаттиқ чекланганди. Пойтахтга бошқа ҳудудлардан келган Ўзбекистон фуқароларига яшаш, ўз номига уй сотиб олиш, ишлаш ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш мураккаб масала бўлган. Ҳаттоки, ҳудудга нисбатан “Тошкент республикаси” деган мажозий ибора ҳам ишлатилган. 2020 йил апрелдаги президент фармони асосида қонунга ўзгартириш киритилиб, чекловлар олиб ташланган. Муаммо ҳақида президент Шавкат Мирзиёев ҳам бир неча марта гапирган, ўзи ҳам бундан азият чекканини билдирган.

“Яқин-яқинда ҳам прописка муаммоси бор эди. Мен ўзим ҳам бундан азият чекканман. Ишлайман, Тошкентда яшайман. Лекин айбим Тошкентда туғилмаганим бўлган. Мана, ҳозир ҳамма тенг ҳуқуқли, пойтахт пропискаси керак бўлса олаверади”, деган 2021йилда сайловчилар билан учрашувда президент.
​Пропискани бекор қилиш бўйича фармон чиққан пайтда ўша вақтда таълим вазири бўлган Шерзод Шерматов муаммо сабаб минглаб педагоглар қийналганини айтган. Ҳозирда фуқароларга Ўзбекистоннинг хоҳлаган жойида пропискага ўтиб, ишлаш ва яшаш имконияти мавжуд.​

Дўстларингизга ҳам юборинг: