«Реал Мадрид» энг зўр. Нега дейсизми?..
Deloitte 2024/2025 йиллар мавсумида энг кўп даромад олган футбол клублари рейтингини тузди.
Ўтган мавсумда 1,16 млрд евро даромад олган «Реал Мадрид» қаторасига иккинчи марта рейтинг етакчиси бўлди. Бундан олдин Мадрид жамоаси даромади 1,05 млрд еврони ташкил этганди.
«Реал» 2024/2025 йиллар мавсумида битта ҳам соврин ютмаган.
2019/2020 йиллар мавсумидан сўнг илк марта кучли учликка қайтган «Барселона» клуби иккинчи поғонадан ўрин олди — €974,8 млн, учинчи ўринда — «Бавария» (€860,6 млн), тўртинчи — «Пари Сен-Жермен» (€837 млн).
Бешинчи ўринни эгаллаган «Ливерпул» (€836,1 млн) бу поғонани Англия клублари орасида биринчи бўлиб забт этди. Жамоа Чемпионлар лигасига қайтиши ва тижорий даромадлари 7 фоизга ўсиши эвазига саккизинчидан бешинчи ўринга кўтарилди.
Рейтингга киритилган 20 клубнинг умумий даромади 12,4 млрд еврони ташкил этди. Бу 2023/2024 йиллар мавсумига нисбатан 11 фоизга кўпдир.
