Нима учун индейсларда мўйлаб ва соқол ўсмайди?

Нима учун индейсларда мўйлаб ва соқол ўсмайди?

Вестерн фильмлари ва Америка туб аҳолиси вакилларининг фотосуратларига асосланиб, бу халқларнинг эркакларида юз соҳасидаги туклар деярли мавжуд эмаслиги ҳақида хулоса қилиш мумкин. Ҳақиқатан ҳам, индейсларнинг аксариятида мўйлаб ҳам, соқол ҳам ўсмайди. Бундай антропологик хусусиятнинг шаклланишига нима сабаб бўлган?

Американоид ирқининг келиб чиқиши

Ер юзи аҳолиси шартли равишда бир неча ирқларга бўлинади. Таъкидлаш жоизки, мутлақ «соф» ирқлар мавжуд эмас, чунки кўплаб халқлар тарихий жараёнда бир-бирлари билан аралашиб кетган. Бироқ, илмий тизимлаштиришни соддалаштириш мақсадида олимлар асосий ирқларни ажратиб кўрсатишади. Энг машҳурлари — монголоид, европеоид, негроид ва австралоид ирқлари бўлиб, улар тарихан дунёнинг турли қисмларида шаклланган. Ушбу рўйхатга Жанубий ва Шимолий Американинг туб аҳолиси — американоид ирқи ҳам қўшилади.

Американоидлар монголоид ирқи билан кўплаб умумий хусусиятларга эга. Уларни осиёликлар билан тери рангининг буғдойранглиги, тана тузилиши ва юз тузилишидаги ўхшашликлар бирлаштириб туради. Аммо индейсларнинг кўз тузилиши монголоидларга нисбатан кенгроқдир.

Аслида, улар Камчаткадан Аляскага ўтиб, сўнгра жанубга қараб тарқалган Сибирь аҳолисининг авлодларидир. Маълумки, бундан 23 минг йил аввал Беринг бўғози ўрнида қуруқлик йўлаги бўлган. Миграция жараёни бир неча минг йил давом этган ва музликлар ҳосил бўлиши натижасида вақти-вақти билан узилиб турган. Бундан 11 минг йил аввал Беринг бўғози батамом сув остида қолган. Индейсларнинг Узоқ Шарқнинг туб аҳолиси (масалан, чукчалар ва эскимослар) билан ўхшашлиги, шунингдек, айрим ўсимлик ва ҳайвонот турларининг яқинлиги ушбу илмий тахминни тасдиқлайди.

Турли халқлар ўзига хос антропологик белгиларга эга. Хусусан, юздаги тукларнинг зичлик шкаласи бўйича энг юқори кўрсаткич (5 балл, қалин туклар) Япониянинг айнлари ва Австралия аборигенларига тегишли. Энг паст кўрсаткич (1-2 балл) эса Американинг туб аҳолиси ва Шимолий Осиёнинг айрим халқларида кузатилади. Бунинг сабаби нимада?

Олимларнинг фикрича, бунга яшаш муҳитининг ўзига хос хусусиятлари сабаб бўлган. Генетик жиҳатдан соқол ва мўйлаб юзни ҳимоя қилиш зарур бўлган иқлим шароитларида (нам денгиз шамоли, қор бўронлари ва ҳ.к.) мустаҳкамланган. Индейслар эса асосан ёғингарчилик кам бўлган, кучли, лекин қуруқ шамоллар эсадиган ҳудудларда яшаганлар.

Прерияларда соқол ва мўйлабга эҳтиёж бўлмаган. Осиё генлари аслида тукларнинг сийраклигини белгилаб берган бўлса-да, яшаш шароитлари таъсирида бу белги индейсларда янада мустаҳкамланган.

Индейсларда соқол ва мўйлаб деярли ўсмагани сабабли, уларда юзни қиртишлаш одати шаклланмаган. Якка-ярим чиққан тукларни эса эркаклар юлиб ташлашган (бунинг учун баъзи қабилаларда чиғаноқ паллаларидан фойдаланилган). Бироқ, соқолнинг йўқлигига зид ўлароқ, соч турмакларига жуда катта аҳамият берилган:

• Айрим индейслар бошдаги сочларининг катта қисмини олиб ташлаб, фақат узун тутамлар қолдиришган.

• Бошқалари соч ўришган.

• Кўпчилик эркаклар эса озодлик рамзи сифатида сочларини узун ва ёйиқ ҳолда тутишган.

Сўнгги маълумотларга кўра, барча Америка туб аҳолиси ҳам бир хил генетикага эга эмас. Калифорниянинг айрим халқлари, Навахо ва Дакота қабилалари вакилларида бошқаларга нисбатан кўпроқ юз туклари кузатилади. Шунга қарамай, қабилаларнинг мутлақ кўпчилиги юзда туклар йўқлиги билан ажралиб турадиган ноёб генетик хусусиятга эга. Бугунги кунда эса этниклараро никоҳлар натижасида замонавий индейсларда мўйлаб ва соқол қўйиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди.

Манба: «Дунё халқлари. Этнос. Қабилалар» жамияти

Дўстларингизга ҳам юборинг: