Вазир ва «қор оралаб бораётган ўқитувчи» суҳбати (Видеомулоқот)
Ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Хатирчи тумани Лангар қишлоғида ўқитувчининг қалин қор оралаб мактабга бораётган акс этган видеолар тарқали ва жамоатчилик эътирофига сазовор бўлди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Хатирчилик тарих фани ўқитувчиси Муяссархон Мамадалиева билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда вазир ўзининг телеграмдаги саҳифасида хабар берди.
Муяссар Мамадалиева 1993-йилдан буён таълим тизимида самарали фаолият юритиб келмоқда. Олий тоифали, 33 йиллик тажрибага эга устоз тарих фанидан миллий сертификатга эга бўлган устозлардан бири. У фаолият юритаётган 450 ўринли 58-мактаб Хатирчи тумани марказидан қарийб 50 километр узоқликда жойлашган.
Суҳбат давомида вазирнинг мактабга қатнов масалалари, таълим муассасасидаги мавжуд шароитлар, вазирлик томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган амалий ёрдам юзасидан берган саволига «электрон доскалар бўлса яхши эди», деб жавоб берган ўқитувчи.
«Сизга совға тариқасида мактабингизга электрон доскаларни етказамиз, Муяссархон. Худо хоҳласа, Навоийга йўлим тушса, албатта, мактабингизга бораман, сиз билан учрашаман», – деди вазир.
