Бухорода қизнинг ялонғоч суратларини тарқатмаслик учун пул талаб қилган фуқаро қўлга олинди. Эркакнинг қўлига қизнинг кийимсиз видеолари қандай келиб тушган эди?
Видеоқўнғироқлар орқали ишонч қозониб, номус билан «шантаж» қилган товламачи қўлга олинди.
Асли Жондор туманидан бўлган, икки нафар фарзанднинг отаси фуқаро Ш.Ж. олдиндан режалаштирилган қора мақсадини амалга ошириш йўлига кирган. У бу мақсадини амалга ошириш учун 1999 йилда туғилган, ҳали турмуш қурмаган ўзига аввалдан таниш бўлган қизни нишонга олган.
WhatsApp мессенжери орқали ўтказилган видеоқўнғироқлар давомида гумонланувчи қизни алдаб, унинг яланғоч ҳолатдаги видеотасвирларини яширинча ёзиб олган. Бу ҳолат оддий эҳтирос эмас, балки, пухта ўйланган жиноий тузоқ бўлган.
Қўлида шармандали далиллар мавжудлигидан фойдаланган ҳолда, у қизнинг номуси ва шаъни билан ўйнашишга ўтган. Видеотасвирларни қизнинг ота-онаси, қариндошлари ҳамда иш жойига тарқатиш, шунингдек, интернет тармоқларига жойлаштириш билан таҳдид қилган. У бунинг эвазига 26 миллион сўм пул талаб қилган.
Бироқ, жабрланувчида бундай миқдорда пул мавжуд бўлмаган ва қўрқув, босим остида чорасиз ҳолатга тушган.
Мазкур жиноят Бухоро вилояти ИИБ тезкор-қидирув ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ўз вақтида аниқланиб, фош этилган. Бухоро шаҳри кўчалардан бирида ўтказилган тезкор тадбир давомида товламачи ўзининг жиноий шериги орқали талаб қилинган пул маблағининг 5 000 АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинган
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
