Навоийда 50 нафарга яқин қиморбоз ушланди

Навоийда 50 нафарга яқин қиморбоз ушланди

Навоий вилоятининг Хатирчи ва Навбаҳор туманларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида ноқонуний қимор ўйинларини ташкил этган жиноий гуруҳлар фаолияти фош этилди.

Бу ҳақда Навоий вилоятт ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимов маълум қилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати Навоий вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар олиб борилган. Унда Хатирчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро И.Қ.нинг ўз яшаш хонадонида қиморхона ташкил этгани аниқланган. И.Қ. ўзининг бир гуруҳ танишлари билан моддий манфаат эвазига қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ўйнаётган пайтда қўлга олинган. «Ўйин» иштирокчилари жами 12 миллион 150 минг сўм пул эвазига махсус ўйин карталари билан қимор ўйнаётган бўлишган.

Худди шунга ўхшаш ҳолат вилоятнинг Навбаҳор туманида ҳам аниқланган. Ш.М. исмли шахс ўз хонадонида 35-40 нафарга яқин фуқарони жамлаб, хўроз уриштириш ўйинини ташкил этган. Маълум бўлишича, қимор ўйини томошасига келган фуқароларнинг ҳар биридан 20 минг сўмдан, хўроз уриштиришда қатнашганлардан эса 1 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача маблағлар йиғиб олинган.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳуқуқбузарларни ноқонуний ўйин устида ушлашди. Текширув давомида хўроз уриштириш орқали йиғиб олинган 1 миллион 100 минг сўм пул маблағи ҳамда 7 та «жангчи» хўроз уй эгасидан мусодара қилиб олинди», – деди Фаёзжон Қосимов.

Айни пайтда ҳар икки ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: