Ҳой, баракатопгур! Отхона бўлиб кетади!..
Нега тушунмайсан?! Сенга осон, тўшагингда ётволиб телефонингда билган нарсани ёзиб, хаёлинга келган номаъқулчиликларни кўриб ётасан. Яна шу ҳолинга норози ҳам бўлиб қўясан. Менга қара, ҳозир мактабларда дарс беришни ўзи бўлмаяпди. Катталарини катта десанг, кичикларини ҳам бошқаришни иложиси қолмаяпди…
Бири иккинчисини сўккан, яна биттаси ўзидан нимжонроқни урган! Биттаси ўзидан ўзи туриб рақсга тушиб кетган. Яна биттасига қарасанг овқатланаяпди. У ёғи қизларни сочларидан тортган яна алламбало алламбало!.. Аввалги педагогларни амалини қўлай олмайсан. Худо кўрсатмасин, битта болага «попка» кўтартириб қўйсанг борми, шу заҳоти ота-онаси, қўни қўшнилари билан келади. Дабдалангни чиқаришади. Яна камига судга бериб, бир умр ўнгланмайдиган қилиб кетишади…
Шунинг учун биз ўқитувчилар, ота-оналар билан биргаликда келишиб, агар қайси ўқувчи мактабда ўрнатилган тартиб-қоидани бузса, унга молиявий жарима қўллайдиган бўлдик. Масалан, дарсга кечиб келса битта жарима, дарс пайтида тўполон қилса унгаям жарима, дарсни тайёрламаса, мактаб кийимида келмаса уларга ҳам жарима қўллайдиган бўлдик. Ва шу билан дарс сифатини оширамизми, деб ўйладик. Бироқ бу ҳам кейинчалик кимларгадир ёқмади. «Энди сенлар қолгандинглар, жарима ёзмайдиган», дейишди…
Ана энди бош қотди. Қотгандаям тарашадай қотди. Нима қилмоқ керак? Қандай дарс ўтиш керак? Нима қилсак, синфхона отхона бўлмайди? Беринг маслаҳатингизни!..
