Истанбулнинг яширин мозаика хазинаси

Истанбулнинг яширин мозаика хазинаси

Қадимий иншоотларнинг замин-у деворларини безаган мозаикалар оддий безакдан анча юксак маънога эга. Улар мифологик саҳналар билан чекланиб қолмай, ўз даврининг ижтимоий ҳаёти ҳақида муҳим маълумотлар беради ҳамда ранг ва тошлар орқали ўтмишни кўз ўнгимизда жонлантиради. Минг йиллар давомида турли цивилизацияларнинг бешиги бўлган Туркия ана шундай ноёб мозаика намуналари билан ажралиб туради ва бу меросни жаҳон маданиятининг “тирик” санъат галереясига айлантиради. Бугун ушбу беқиёс меросни Истанбулнинг қоқ марказида жойлашган энг янги музейлардан бирида томоша қилиш мумкин. Йирик мозаика ҳудудини ўзида жамлаган Зейтинбурну Мозаика музейи маданият ихлосмандлари учун ҳақиқий яширин хазина саналади.

Зейтинбурну Мозаика музейи собиқ ҳарбий шифохона биносида, бугунги Казличешме санъат маркази ҳудудида жойлашган. Музейда намойиш этилаётган асл ва нодир мозаикалар 2015 йилда бино реставрацияси жараёнида, ер сатҳидан қарийб 1,5 метр пастда кутилмаганда аниқланган. Топилмалар дарҳол муҳофазага олиниб, мозаикалардаги геометрик нақшлар иншоот чегараларидан ташқарида ҳам давом этиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар асосида 2019 йилда Истанбул Археология музейи назорати остида синов қазиш ишлари олиб борилди. Ушбу тадқиқотлар нафақат мозаикаларнинг узвий давомийлигини аниқлади, балки кутилмаган ва муҳим бир топилмани ҳам юзага чиқарди — икки кишининг қолдиқлари сақланган ноёб мармар саркофаг топилди.

Бугунги кунда Зейтинбурну Мозаика музейи мозаикалар айнан топилган жойида намойиш этиладиган, уларнинг асл жойлашуви ва тарихий муҳитини ҳис этиш имконини берадиган нуфузли маданият марказига айланди.

Юқоридан томоша қилинадиган мозаикалар

Зейтинбурну туманида жойлашган, Усмонийлар даврига мансуб қизил ғиштли музей биноси пухта реставрация қилинган бўлиб, унинг ичидаги кенг кўламли мозаика майдонлари сайёҳларни ўзининг бутун улуғворлиги билан қарши олади. Асл мозаикалар устидан ўрнатилган баланд шаффоф ойнали йўлак бўйлаб сайр давомида “опус тесселлатум” услубида яратилган асарларни яқиндан томоша қилиш, Қадимги ва Сўнгги Рим даври санъатининг нафис намуналаридан баҳраманд бўлиш мумкин.

Мазкур мозаикалар милоддан аввалги IV-V асрларга мансуб бўлиб, маҳаллий Рим вилласининг бир қисми бўлгани тахмин қилинади. Ранг-баранг композицияларда геометрик нақшлар, юлдуз шакллари, кўпбурчакли тасвирлар ҳамда нафис гулли безаклар мужассам. Бу нақшлар олами ўтмиш эстетикаси ва Истанбул тарихининг чуқур, қатламли манзараларини очиб беради.

Мозаикалардан ҳам кўпроғи…

Зейтинбурну Мозаика музейида намойиш этилаётган археологик топилмалар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Мармар саркофаг, ғиштдан қурилган қабрлар ва улар билан боғлиқ инсон қолдиқлари энг қизиқарли топилмалар сирасига кириб, зиёратчиларда чуқур таассурот уйғотади. Бундан ташқари, турли асрларга мансуб теракота идишлар ва тангалар бу ҳудудда ҳаётнинг узоқ вақтдан бери узлуксиз давом этиб келаётганидан далолат беради.

Музей кутубхонаси, кўргазма заллари ва бошқа маданий маконлари билан у минтақанинг маданий ҳаётини жонлантирувчи кўп қиррали марказ сифатида фаолият юритади. Музей душанба кунларидан ташқари ҳар куни соат 10:00 дан 18:00 гача очиқ.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: