Афсонавий актёр Роберт Дювалл 95 ёшида вафот этди!
Оскар мукофоти совриндори, Голливуднинг машҳур актёрларидан бири Роберт Дювалл 95 ёшида ҳаётдан кўз юмди.
У “Tender Mercies” фильмидаги роли учун “Оскар”ни қўлга киритган, шунингдек “The Godfather”, “Apocalypse Now” ва “The Great Santini” каби машҳур фильмлардаги образлари учун ҳам номзод сифатида кўрсатилган эди.
Актёрнинг вафоти ҳақида унинг рафиқаси Лусиана Дювалл Facebook саҳифасида маълум қилди.
«Кеча севикли турмуш ўртоғим, қадрли дўстим ва замонамизнинг энг буюк актёрларидан бири билан хайрлашдик. Боб уйида, муҳаббат ва меҳр бағрида, хотиржам ҳолда оламдан ўтди. Жаҳон учун у “Оскар” соҳиби актёр, режиссёр ва ҳикоянавис эди. Мен учун эса у — бутун олам эди», — деб ёзди у.
Роберт Дювалл кино санъатида ўчмас из қолдирган ижодкор сифатида ёдда қолади. Унинг роллари, кучли драматик ижроси ва табиий актёрлик маҳорати бутун дунё мухлислари қалбидан чуқур жой олган.
