Агар Mobiuz киберҳужумга учраган бўлса биз додимизни кимга айтамиз!..

Агар Mobiuz киберҳужумга учраган бўлса биз додимизни кимга айтамиз!..

Хорижий манбаларда давлатга қарашли Mobiuz алоқа оператори киберҳужумга учрагани ҳақида хабарлар тарқалганидан сўнг компания расмий баёнот билан чиқди. Унда киберҳодиса тасдиқланган, бироқ абонентларнинг шахсий маълумотлари сизиб чиққани инкор этилган.

Компания маълум қилишича, ҳакерлар асосий инфратузилмага эмас, балки асосий тизимларга уланмаган синов серверларидан бирига рухсатсиз киришга муваффақ бўлган.

“Жорий йил февраль ойида хавфсизлик мониторинги жараёнида компаниянинг асосий тизимларга боғланмаган синов серверларидан бирига ноқонуний кириш ҳолати аниқланди. Мазкур сервер дарҳол изоляция қилинди ва ҳодисани чегаралаш чоралари кўрилди”, — дейилади баёнотда.

Компания таъкидлашича, абонентларнинг шахсий ва молиявий маълумотлари сақланадиган асосий тизимлар алоҳида ҳимояланган сегментда жойлашган. Ушбу инфратузилмага ноқонуний кириш излари қайд этилмаган. Шунингдек, хизматлар фаолиятида узилишлар кузатилмаган ва мижозлар маълумотлари сизиб чиқмагани билдирилган.

Mobiuz ҳодиса юзасидан ваколатли органлар билан ҳамкорликда текширув олиб бораётгани ва ахборот тизимлари хавфсизлигини янада кучайтириш бўйича қўшимча чоралар кўраётганини маълум қилди.

Аввалги киберҳодисалар

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида электрон ҳукумат тизимлари ҳам киберҳужумга учрагани хабар қилинган эди. Рақамлаштириш вазири Sherzod Shermatov учта идоранинг ахборот тизимларига муайян даражада ноқонуний кириш амалга оширилганини билдирган.

Унинг сўзларига кўра, интернетда тарқалганидек 15 миллион фуқаронинг эмас, тахминан 60 минг нафар ўзбекистонликка оид маълумотлар ўғирланган.

 

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: